Фарғона вилояти Бувайда туманида мактаб директори ўқувчи қизни дарс вақтида калтаклади, деб хабар бермоқда Kun.uz. Нашрнинг маълумот беришича, бунга ўқувчи рўмолини ечишни истамагани сабаб бўлган.

Ҳолат 17 май куни хорижий тилларга ихтисослашган давлат умумтаълим муассасасида содир бўлган. Таҳририятга мурожаат қилган қизнинг отаси вазият юзасидан чора кўрилиши кераклигини, ўқувчи айни вақт мактабга чиқишни истамаётганини билдирган.

Болалар омбудсмани вазиятни ўз кузатувига олганини маълум қилди. Сурайё Раҳмонованинг ёзишича, шу куни Н.М. (қиз бола, 2010 йилда туғилган) синфдош ўртоғи Х.Х. (ўғил бола) билан оғзаки тортишган, бироз вақт ўтганидан сўнг синфхонага мактаб директори Қ.Р. (аёл) кириб келган, алгебра ўқитувчиси унга ўқувчилар тортишганини айтган.

Мактаб директори Қ.Р. қиздан синфдоши билан нима учун жанжаллашгани, мактабга нега диний либос — рўмол ўраб келганини сўраб, рўмолни ечишни айтган. Қиз унга гўёки гап қайтариб, рўмолини ечмаслигини айтгани учун директор қизни уриб, жароҳат етказган.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Бувайда тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг муносабат билдиришича, вазият ўрганилмоқда, якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.