«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб бормоқда.

1989 йил 21 октябрь — Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан «Газета.uz» сўровига кўра битилган профессор Бахтиёр Менглиевнинг мақоласини эълон қилади.

Тилимизда оғриқ борми?

Тил атамаси олдидан миллий сўзини аниқловчи сифатида қўйиш, аслида, мантиқан тўғри эмас. Зотан, ҳар қандай табиий тил миллий, у қайсидир миллатнинг тили. Миллий бўлмаган тил йўқ. Бунда миллат сўзи «этнос» (қабила, уруғ) маъносида ҳам қўлланади. Аммо миллий тил даражасидан халқаро тил даражасига кўтарилган тиллар бор. Тилларнинг ҳуқуқлари масаласи кўтарилганда, тилни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш муаммоси кун тартибига чиққанда миллий тил, тил сиёсати каби атамалар фаоллашади. Тил давлатнинг мустақиллик рамзларидан бири экан, ўз-ўзидан, тил ҳодисаси сиёсийлашади. Айниқса, мустақилликка эришилган пайтларда, давлат мустақиллиги масаласи сиёсат даражасида устуворлашган пайтларда давлат тили, тил сиёсати тушунчалари устуворлашади.

Давлатнинг тил сиёсати унинг ривожланиш даражаси, геосиёсий мавқеи билан кўпроқ боғлиқ бўлади ва шу билан бирга, ўта нозик сиёсий масала. Миллатлараро, халқлараро низолар кўпинча тил, дин каби нозик масалалардан бошланади. Мамлакатимизда ўзбек тилининг табиий ҳолати, унинг сиёсий мавқеи ачинарли даражада эмас. Битта-яримта халқаро анжуманларни айтмаса, барча тадбирлар, мажлис-йиғинлар ўзбек тилида ўтаётган бўлса, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи яққол кўриниб турган бўлса, Президент халқи билан ўзбек тилида мулоқот қилаётган бўлса, раҳбарлар ўзбек тилида иш кўраётган бўлса, давлат органларининг фаолияти ўзбек тилида юритилаётган бўлса, ўзбек тилида сўзлашувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётган бўлса, билмадим, тилимизнинг қадри тушиб кетмоқда деган йиғи-сиғиларни кўпинча тушунмай қоламан.

Тўғри, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, нуқсон ва камчиликлар ҳам бор. Албатта, камчиликларни англаш унинг ечимига қўйилган илк қадам. Она тилимиз мамлакатимизда сиқилиб қолган, мавқеи тушиб кетган, болаларимиз бу тилни унутаётган, бошқа тилсиз яшаб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолганимизда эди, у ўзбек миллатига мансуб барча учун баб-баравар жуда катта қиммат касб этган бўлар эди. Аллоҳга шукур, истиқлол даврида мамлакатимиз миқёсида тилимизнинг мавқеи жуда ҳам юксалди. Айниқса, ўзбек тилининг расмий ва илмий услуби муттасил такомиллашиб бораётир. Бадиий услубимиз ўша мустабид тузум даврида ҳам бирорта ривожланган халқаро тил даражасидан кам эмас эди. Умуман олганда, ўзбек тили ҳам структур жиҳатдан, ҳам нуфус жиҳатдан, ҳам ишлов берилганлик нуқтаи назарида жуда ривожланган тил. Фақат алифбо, имло масалаларида муаммолар бор, ундан кўз юмиб бўлмайди. Атамалар, бошқа тиллардан кириб келаётган терминлар бошқа масала, у глобаллашув маҳсули, халқаро интеграция оқибатидир.

Бугун мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш масаласида жуда яхши ва зарур давлат ҳужжатлари мавжуд. Қатор фармонлар, қарорлар бу борадаги ишларнинг кўлами ва даражасини оширди. Энди давр талабларини ўзида ифодалайдиган, ижтимоий эҳтиёжни қондирадиган қонун ва қонуности ҳужжатлари керак. Хуллас, жамиятимиз давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни кутаётир. Тил ва жамият муносабатида кутилаётган жиддий ўзгаришлар мана шу қонунга боғлиқ. У тилимизнинг бугуни ва истиқболи учун сув ва ҳаводек зарур.

Таъкидлаш лозимки, тил масаласида ҳам кўп ҳолларда бадбин (негатив) бўлиб кетяпмиз. Бу — қониқмаслик ҳисси натижаси. Албатта, қониқмаслик тараққиётга олиб келади. Шўро даврида ҳам, ҳозир ҳам ўзбек тили, ўзбек адабиёти (мен ўз соҳамни яхши билганим учун шу доирада фикрлаяпман) бўйича тадқиқотлар ўзбек тилида бажарилган ва бажарилмоқда. Биз бунда ҳеч қандай муаммони сезмаганмиз. Бу соҳалар бўйича узоқ даврлардан бери илмий журналлар чоп этиб келинади. Мақолалар ўзбек тилида берилган ва бериб борилмоқда. Хуллас, соф миллий фанлар (тил, тарих, адабиёт каби) бўйича тадқиқотлар ўзбек тилида бажарилган ва бу соҳалар илмий услубида ифода масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ўзбек тилида ёзолмаган киши учун ўзбек тилининг имконияти чеклангандек туюлаверади-да. Бу миллий эмас, шахсий, айрим ижтимоий гуруҳга хос муаммо.

Тил ҳақида гап кетганда кўпинча унинг лексикасига урғу берилади. Аслида тил — фонетика ва грамматика. Фонетика ва грамматика тилнинг ботиний, лексика зоҳирий томони. Тилнинг қони ва суяги мана шу икки (фонетик ва грамматик) жиҳат. Лексика (сўзлар) келиб-кетаверадиган «меҳмон». Лексик жиҳатдан тоза тил йўқ. Масалан, дунё тили бўлган инглиз тилининг ўз қатлам лексикаси 50 фоизга етмайди. Қайси халқ бошқа миллат, халқ маданияти билан интеграциялашган бўлса, бу унинг тилида ҳам акс этган. Қайси халқ бошқа халқлардан узилиб қолган экан, унинг тили ҳам «тозароқ». Аслида, тил лексикасини тоза сақлашга интилиш беҳуда ва бемаъни ҳаракат деб ўйлайман. Айниқса, бугунги глобаллашув шароитида бунинг имкони йўқ. Четдан кириб келаётган терминларга зўрма-зўраки вариант қидириш фойдасиз бўлганлиги каби, албатта, тилимизда мавжуд ифодани четга суриб, ўрнини хорижий сўзга бериш ҳам тўғри эмас. Ҳар икки ҳолатда ҳам меъёрни сақлаш керак.

Албатта, ўзбек тилининг нуфузини ошириш — миллий бурчимиз. Аслида олим дунё фани ва тажрибасидан эркин ва осон фойдаланиладиган бўлиши керак. Бунинг учун хорижий тилларни ҳам билиш ҳам эҳтиёж. Ўзбек тили қурилиши ва унинг қўлланиши дунё тиллари билан умумийликларга эга. Ўзбек тилшунослиги замонавий фан сифатида маҳдуд соҳа бўлиб қолиши мумкин эмас. Туркий тиллар оиласига мансуб тилларни, бошқа оилаларга мансуб тиллардан бири ёки бир нечтасини билмасдан ўзбек тилини тадқиқ қилиш, ўзбек тилшунослигини ривожлантириб бўлмайди. Шу маънода, бошқа соҳа тадқиқотчилари каби хорижий тилларни билиш ўзбек тилшунослари учун ўта муҳим. Аслида тадқиқотчидан хорижий тилларни билиш бўйича сертификат талаб қилиш мантиқан тўғри эмас. Зотан, илмий тадқиқотнинг ўзи буни тақозо қилади, усиз тадқиқот олиб бориш имконсиз.

Мамлакатимизда ўзбек олимлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам талай. Ўзбекистонда ўзбек тилини Интернет тилига айлантириш бўйича бугун амалга оширилаётган ишлар тадқиқотчиларнинг ташаббуслари даражасида қолмоқда. Мамлакат миқёсида зарур кучларни марказлаштириб, ягона мақсад сари йўналтириш ва уни жиддий молиялаштириш керак.

Профессор Бахтиёр Менглиев.