Ўзбекистон Бош прокуратураси Термиз шаҳар ҳокимиятининг собиқ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодекси 167, 205 ва 209-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Бугунги кун ҳолатига Термиз шаҳар ҳокимияти собиқ мансабдор шахслари томонидан давлат ва жамият ҳамда тадбиркорларнинг манфаатларига 35,6 млрд сўм зарар етказилганлиги аниқланган, дейилади хабарда.

Шу сабабли, жорий йил 24 сентябрь куни Термиз шаҳар собиқ ҳокими, кейинчалик унинг 2 нафар ўринбосари ва жиноятга алоқадор бошқа 8 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Хабарда таъкидланишича, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.

Аввалроқ «Газета.uz»нинг махсус мухбири Аброр Қурбонмуратов Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, ҳокимнинг собиқ биринчи ўринбосари Ғайрат Эламанов, ҳокимнинг қурилиш бўйича собиқ ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов, шаҳар архитектори, «Яшил дунё» савдо мажмуаси лойиҳачиси, раҳбари ва қурувчиси ҳибсга олинганини маълум қилган эди. Уларнинг «Яшил дунё» савдо мажмуаси қурилиши давомида 14,8 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланаётгани хабар қилинди.