Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 20 май куни Matiz уриб юборган пиёда воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

ЙТҲ соат 21:00 лар атрофида Юзробод кўчасида содир бўлган. П.М. (1989 йилда туғилган) автомашинасини бошқариб бораётиб, фуқарони уриб юборган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда пиёда йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтмоқчи бўлгани айтилади.

ЙҲХБнинг маълум қилишича, марҳум 35−40 ёшлар атрофида бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса / муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.