Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек халқини 21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун билан табриклаб, кўп миллатли халққа умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашади. Кўплаб мамлакатларда бу гўзал ва жозибали тил катта иштиёқ билан ўрганилмоқда.

«Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифаларни изчил давом эттириш лозим», — дея таъкидлади президент.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ёшларнинг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, айниқса, турли электрон воситалар орқали тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш ҳаётий заруратга айланган.

Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, бутунжаҳон Интернет тармоғидаги миллий сегментни янада бойитиш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифаларимиз сирасига киради.

«Жаҳон тараққиёти ютуқлари ва қимматли манбаларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали она тилимизни илм-фан ва инновациялар тили сифатида ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратишимиз зарур».

«Шу маънода, XX аср бошида яшаб ижод қилган, ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларидаги сўзларни ўз ичига олган бебаҳо луғат китобини яратган маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибратнинг: „Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу Ватаний ишдир“, деган ҳикматли сўзлари биз учун муҳим дастуриламал, ҳаёт йўлимизни ёритадиган маёқ бўлиб хизмат қилиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.