Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари ўртасида агросаноат соҳасида ҳамкорлик борасида учрашув ўтказилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғилишда Россия томон Ўзбекистонга кунгабоқар ёғи, қандолат маҳсулотлари ва буғдой экспортини оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Шунингдек, аграр таълим ҳамда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни такомиллаштириш алоҳида муҳокама қилинди. Мажлис якуни бўйича томонлар қўшма «Йўл харитаси»ни тасдиқлади.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 8 ойида Россиядан Ўзбекистонга маҳсулот импорти 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоизга (632 миллион долларга) — 3,2 миллиард доллардан 3,8 миллиард долларга ошган.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи ўрталарида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўз ҳамкорларини узоқ муддатли фючерс шартномаларини тузиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, эртапишар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга тайёрлигини билдирганди. Ўз навбатида, мамлакат ғалла, ёғ-мой ва озуқабоп экинларнинг кафолатланган тарзда етказиб берилишидан манфаатдорлигини қайд этганди.