Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Туркманистонга ташриф буюриб, Сердар Бердимуҳамедов билан тор ва кенгайтирилган доирада музокаралар ўтказганди. Шундан сўнг, олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон — Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар, шу жумладан:

  • Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида сиёсий мулоқот, парламентлараро, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш бўйича 2022−2024 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар режаси;
  • Икки томонлама ташқи иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш тўғрисида битим;
  • Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларида савдо уйлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим;
  • Илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;
  • Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш тўғрисида битим имзоланди.

Бундан ташқари, электр энерегетикаси, божхона иши, ветеринария ва чорвачилик, кинематография ва бошқа йўналишлар юзасидан келишувларга эришилди.