Ўзбекистонда шанба куни ҳаво илиқ бўлади, якшанба куни эса ёмғир ёғади ва ҳарорат яна пасаяди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

21 октябрь куни ҳаво кам булутли ва бироз илиқ бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво ҳарорати +23…+25 даражагача кўтарилади.

22 октябрь куни Туркманистондан илиқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистон бўйича қуруқ об-ҳаво бўлади, ҳарорат фони яна кўтарилади ва кечаси +7…+12 даража илиқ, кундузи ҳаво +25…+27 даражагача, жанубда +29 даражагача исийди.

Шимолий ҳудудларга эса Волга бўйидан антициклон кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда, Хоразм ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғади, бунинг ҳисобига ушбу ҳудудлар бўйича кундузи ҳаво ҳарорати +13…+15 даражагача пасаяди.

Якшанба куни республиканинг аксарият ҳудудларида ҳаво булутли бўлади, баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланади, баъзи жойларда кучли бўлади.

Ҳаво ҳарорати кечаси +9…+14 даража, кундузи эса +12…+15 даражагача пасаяди, бу ушбу куннинг ўртача иқлимий меъёридан 8−10 даражага пастдир.

21−22 октябрь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 23 октябрда республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда.