Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 20 октябрдаги қарори билан маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган муассасалар харажатларига ўзгартиришлар киритди.

Ўзбекистон Давлат мусиқали комедия (оперетта) театри учун ажратилган маблағ 500 млн сўмга қисқартирилди. Мазкур маблағ Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлими бюджетига ходимларнинг иш ҳақини ўз вақтида тўлаш мақсадида ўтказиб берилади.

2022 йилги Давлат бюджетидан Республика Маънавият ва маърифат марказига 63,2 млрд сўм, давлат театрларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатларга эса қарийб 4,5 баробар кам ёки 14,3 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Кинематография агентлигини жорий йил учун давлат бюджетидан молиялаштиришга 223,1 млрд йўналтирилган.

Сентябрь ойи охирида Тошкент депутатлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ва давлат бюджети ссудалари ҳисобидан пойтахтда бир қатор лойиҳаларни молиялаштиришни маъқуллаган эди. Улар орасида гуллар ва дарахтлар учун 15 млрд сўм, Нукус шаҳридаги 1000 нафар аҳолининг саёҳатини ташкил этиш учун 1,8 млрд сўм, Шоштепа ёдгорлигини сақлаш учун 16,2 млрд сўм ва бошқалар бор.