Тошкент вилояти «Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали ноқонуний равишда олиб киришга уринилган қурол тўхтатиб қолинди, деб хабар бермоқда Божхона қўмитаси.

Ўзбекистонга ўтиш учун божхона постига фуқаро бошқарувида кириб келган автотранспорт воситаси божхона ходимлари томонидан белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган. Натижада унинг юкхонасида божхона назоратидан яширилган 1 дона Макаров тўппончаси борлиги аниқланган.

Юкхонадан, бундан ташқари, 2 дона тиғли совуқ қурол, турли хил ҳарбий анжомлар ҳамда 3 дона полиэтилен пакетда қуритилган гиёҳлар топилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.