Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги Шон-шараф давлат музейига кириш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳудудда 20 май кунидан янги экспозицияларни жойлаштириш ҳамда кичик таъмирлаш ва дезинфекция ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Шу муносабат билан шу кундан эътиборан ташриф буюрувчилар учун Ғалаба боғи ва Шон-шараф музейига кириш қисқа муддатга тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур боғ қурилиши президент ташаббуси ҳисобланади. У 2018 йил кузида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан боғ қуриш таклифини илгари сурган эди.

«Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттириши, оталаримиз ва боболаримиз қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак», — дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.

Президент яқинда нишонланган Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халққа йўллаган табригида ҳам Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси қисқа вақт ичида «қутлуғ қадамжога» айланганига тўхталиб ўтганди.

Ғалаба боғи 2022 йил апрель ойида ҳам «таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши» сабаб 24 кунга ёпилган.