Шавкат Мирзиёев Туркманистонга расмий ташрифи доирасида Маҳтумқули номидаги Туркманистон давлат университетига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Президентга ушбу университетнинг фахрий профессори унвонини топшириш маросими бўлди. Университет ректори Байрамгул Ораздурдиева ва Туркманистон Фанлар академияси президенти Аллаберди Аширов Шавкат Мирзиёевга фахрий профессор либоси ва тегишли унвон берилгани тўғрисидаги сертификатни тантанали топширди.


Учрашув иштирокчиларига мурожаатида мамлакат етакчиси ушбу унвон учун самимий миннатдорлик билдирди. Президент таълим ва тарбия азал-азалдан давлатлар ва халқлар тараққиётини белгилаб берувчи, уларнинг қудратини юксалтирувчи куч бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

«Ҳар қандай жамиятнинг келажаги бугунги ёш авлод нақадар билимли ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига бевосита боғлиқ. Айнан шунинг учун Ўзбекистонда, Туркманистонда бўлгани каби, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бизнинг мақсадимиз — Янги Ўзбекистон ёшларини дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр баркамол шахслар сифатида вояга етказиш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқида халқаро сиёсат масалаларига тўхталиб, вужудга келаётган янги хатар ва таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш учун минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

«Вазиятдан чиқишнинг бирма-бир йўли — ҳар бир давлат, ҳар бир халқнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқот», — деди президент.

Шунингдек, у Ўзбекистон Туркманистон билан халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан самарали ҳамкорлик қилаётгани, БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидлади.

Маълумот ўрнида, Туркманистон давлат университети мамлакатнинг биринчи ва энг йирик университети. У 1931 йилда очилган Ашхобод педагогик институти негизида ташкил этилган. Ўзбекистон президенти университет ҳаётига оид кўргазмани ҳам кўздан кечирди.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президентини Александр Невский ордени билан мукофотлаганди.