Ўзбекистонга киришда коронавирусга экспресс тест олиш тартиби бекор қилинди

Республика махсус комиссияси 25 январдан халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктларида фуқаролардан коронавирус инфекциясига экспресс тест олиш тартибини бекор қилди. Бунда ташриф буюрувчилар камида 48 соат олдин топширган манфий ПЗР-тест маълумотномасини тақдим этиши лозим.

Якшанба куни қарийб 1300 кишида коронавирус аниқланди

Якшанба куни 1296 кишининг коронавирусга топширган ПЗР-тести ижобий натижани қайд этди. Бу кўрсаткич шанба куни қарийб — 1500 дан ошган эди. Икки бемор касаллик оқибатида вафот этди. Қолаверса, 172 кишида пневмония аниқланди.

Кинематография агентлиги ва Sevimli TV раҳбарлари ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви тасдиқланди

Антикоррупция агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва унинг тушмуш ўртоғи, қизи ҳамда ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli TV ўртасида шартномалар тузилиши ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини аниқлади. Ҳужжатлар жиноят ишини қўзғатиш учун Бош прокуратурага юборилди.

Мирзо Улуғбек тумани аҳолиси ҳовлидаги қурилишга қарши чиқмоқда

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани «Камолот» маҳалласидаги бешта уйда яшовчи аҳоли дарахтлар ўсиб турган ҳовлида кўп қаватли уй қурилишига қарши чиқди. Улар митинг ўтказишга рухсат олиш учун мурожаат қилишга мажбур бўлганларини айтишди. Туман ҳокимлиги бундай ҳолат бўлмаганига қарамасдан, митингга чақириқ учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.

Қарши давлат университетида 40 га яқин дарахт кесиб ташланди

Экология давлат қўмитаси Қарши давлат университети ҳудудида 40 га яқин дарахт ноқонуний равишда кесилганини маълум қилди. Университет бунга қадар уч марта дарахтларни кесиш учун рухсат сўраб мурожаат қилган, аммо ҳар гал рад жавобини олган.

Афғонистон трансафғон темир йўлининг йўналишини тасдиқлади

«Толибон» ҳукумати Ўзбекистонни Покистон портлари билан боғлайдиган Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўл йўналиши Бағлон ва Бомиён орқали ўтишини маълум қилди.

JICA Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлашга $490 минг ажратади

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги Ўзбекистонда «Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш» лойиҳасига 490 минг доллар ажратади, деб хабар қилди Маданий мерос агентлиги.

Тошкентда машинага ўқ узилган ҳолат иштирокчиларига 15 суткадан қамоқ жазоси берилди

Суд қарори билан Тошкентда бир ҳайдовчи бошқа машинага ўқ узган ҳолатнинг ҳар икки иштирокчисига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Ойбек Турсунов «Капиталбанк» афилланган шахслар рўйхатидан чиқарилди

Президентнинг куёви, тадбиркор Ойбек Турсунов «Капиталбанк»нинг афилланган шахслар рўйхатидан чиқарилди. 2021 йилнинг ноябрь ойи бошида у ушбу банкдаги улушини 50 фоизга ошириб, афилланган шахслар рўйхатига кирганди.

Боҳадир Абдувалиев Юнусобод тумани ҳокими бўлди

Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари сифатида 2019 йилдан бери ишлаб келаётган Боҳадир Абдувалиев Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Жаҳонгир Иброҳимовнинг ўрнини эгаллади.

Фарғона шаҳри ва Бағдод туманига ҳокимлар тайинланди

Фарғона вилоятининг Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаров Фарғона шаҳрига ҳокими лавозимига тасдиқланди. Унинг ўрнини эса вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Юсуфжон Хусаинов эгаллади.

Helvetas Swiss Intercooperation филиали Ўзбекистонда рўйхатдан ўтди

Швейцариянинг Helvetas Swiss Intercooperation мустақил ташкилоти Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиб, Ўзбекистонда ўзининг филиалини очди. Ташкилот аллақачон, 4,8 млн франклик лойиҳани амалга оширишни бошлаб юборган.

ДХХ киберхавфсизлик соҳасида ваколатли орган этиб белгиланиши мумкин

Қонунчилик палатасида депутатлар «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ҳужжатда киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Давлат хавфсизлик хизматини белгилаш кўзда тутилган.

Чилонзор туманидаги омборхонада ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳри Бунёд кўчасидаги омборхонада ёнғин юзага келди. ФВВ ҳозирда ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Тажрибалар майдончаси

Ўтган ҳафтада ОТМларга кириш тест синовлари тартибини яна ўзгартирувчи янги қарорлар қабул қилинди. «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов таклиф этилаётган янгиликларни умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш ҳамда ўзгаришларни илмий асослаш зарурлиги тўғрисида ёзади.

«Тарихимизда ишлатган жуда эски технологияларни ҳатто XXI асрда қўллашни бошламадик» — Беҳзод Ҳошимов зинасиз аэропорт ва трамвай ҳақида

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон технологияларда анча қолиб кетганлигини таъкидлаб, буни аэропорт терминали зинали қурилганлиги ва яқин ўтмишда трамвайлардан воз кечилганлиги билан тушунтириб берди. «Тошкент халқаро аэропортининг янги келиш зали ёки ички қатновлар учун қурилган янги аэропорт биноси яп-янги, лекин ёнидаги 50 метр нарироқда, 50 йил олдин барпо қилинган бинодаги технологияни ҳам ишлатмаган. Билиб туриб воз кечилгандек», — деб ёзади иқтисодчи.