Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Қарши давлат университети ҳудудидаги 38 туп дарахт ноқонуний кесилганини тасдиқлади. Аввалроқ, журналист Хуршид Далиев кесилган дарахтлар суратларини эълон қилинган эди.

Хабарда айтилишича, университет дарахтларни кесиш учун рухсат сўраб вилоят экология бошқармасига уч марта мурожаат қилган ва уч марта рад жавобини олган.

«Ҳуқуқбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинган. Ҳуқуқбузарлик натижасида ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 млн 543 минг сўмни ташкил этади», — дейилади қўмита хабарида. Иш материаллари ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.

Мисол тариқасида, январь ўрталарида Андижон вилояти перинатал марказида 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Ўзбекистон Экология давлат қўмитаси «дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳудуддаги дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган. Мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган», — деб маълум қилган эди.