«Газета.uz» колумнисти иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўзининг «Иқтисодчи кундалиги» Telegram-каналида аэропорт қурилишидаги хатоликлар тимсолида анча олдин ўйлаб топилган баъзи ечимлар ҳалигача Ўзбекистонда қўлланилмаётганини қайд этди. Қуйида унинг фикрларини жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Технологияларда анча қолиб кетганмиз. Бу нарсани Тошкент халқаро аэропортига қўнганда била оласиз.

Қўнишингиз билан, сизни самолётдан автобус олиб кетиб, янги қурилган «келишлар зали» терминалига олиб боради. У бинони бир қизиқ ва дунёда аналоги йўқ томони бор: автобусдан чиққанингиздан сўнг, терминалга киришингиз учун зинадан кўтарилишингиз керак. Ҳа, буни тўғри ўқидингиз, энг янги Тошкент аэропортидаги келиш зали терминалини қуришганида, бу бинони аэропорт учун, одамлар пиёда, қўлида нарсалари билан, балки, болалар ва коляскалар билан келишини мўлжаллаб қуришмаган.

Терминалга кириб, кейин чиққанингиздан кейин ҳам, яъни шаҳарга чиқиш йўлида ҳам, тўғри топдингиз, яна бир марта зинадан тушишингиз керак. Тўғри, ғилдиракли аравалар учун шароит қилинган (ёмғирда озгина қийналасиз холос).

Бу воқеада энг қизиғи, бу нарсалар мавжуд ва бор эски зални шароитини тўғрилаш мақсадида қилинган чоралар эмас. Янгидан, нолдан шундай нотўғри аэропорт залини қуришган. Ўша қурилган аэропорт зали ҳақида кўп ўқиган бўлишингиз мумкин, масалан томидан сув ўтгани, ёки багаж чиқишини узоқ кутиш сабаби деб багаж лентасининг мотори яхши эмаслигини аэропорт ходимлари сизга айтган бўлишлари мумкин — яъни мотор катта ҳажмдаги багажларни айлантира олмаслиги ҳақида багаж кутаётганингизда ходимлардан бири айтган бўлишлари мумкин.

Лекин бу пост аэропорт ҳақида эмас, технологиялар ҳақида.

Хўш, Тошкент аэропорти қурувчилари, аэропортда зина бўлмаслиги кераклигини унутишган, ёки дунё кўришмаган ва дейлик аэропортда зина қилинмаслиги кераклигини билишмаган дея олмаймиз. Чунки буни билиш учун, таълим олиш ёки четга чиқиш ҳам шарт эмас, ахир шундоқ ёнида, 50 йил олдин қурилган, Тошкент халқаро аэропортининг «эски» — асосий терминали бор.

Эски терминал қурилганига кейинги йил эллик йил бўлади. Ҳатто ундан ҳам олдин, 1956 йилда қурилган терминал ҳам мавжуд эди, ва ҳатто ўша ерда ҳам зина йўқ эди. Ярим аср олдин Тошкент аэропортини асосий терминалини қурган одамлар тўғри қуришган, аэропортда бирорта зина йўқ (Учиб кетиш зали учун йўл бу йил очилганини ҳисобга олсак, бу технология мўъжизасини биз энди ишлатмоқдамиз, лекин ғоя бўйича, бирорта зинасиз йўловчилар аэропорт хизматларидан баҳраманд бўлишган).

Тошкент аэропорти 1980 йилда. Фото: В.Клепко Манба: calendulae.livejournal.com

Гапни қисқаси, тарихимизда ишлатган жуда эски технологияларни, масалан, зинасиз аэропортни биз ҳатто йигирма биринчи асрда қўллашни ҳалиям бошламадик. Тошкент халқаро аэропортининг янги келиш зали ёки ички қатновлар учун қурилган янги аэропорт биноси бунинг рамзи холос. Иккови ҳам яп-янги, лекин ёнидаги 50 метр нарироқда, 50 йил олдин барпо қилинган бинодаги технологияни ҳам ишлатмаган. Билиб туриб воз кечилгандек.

Лекин бу аэропорт қурилишдаги катта хатони деб технологияларни умумлаштириш мумкин эмас дейишингиз мумкин, мен эса умумлаштиришга ҳаракат қилмоқчиман. Масалан, худди шундай мисол, биз қачондир ишлатган, лекин кейинчалик тушунарсиз сабабларга кўра воз кечган технология — бу трамвай ва оммавий транспорт.

Биласиз, бутун дунёда трамвайлар қайтмоқда, оммавий ва жамоат транспортига сармоя киритилмоқда, шаҳар кўчалари торайтирилиб, тирбандликка қарши курашиш учун машиналар юрар қисми торроқ қилинмоқда, пиёдалар юрадиган қисми кенгроқ қилинмоқда. Шаҳарда турар жой парковка пуллик қилинмоқда, ҳатто кўпгина шаҳарларга машинада кириш учун тўлов олинмоқда. Иложи борича автомобиль экстерналияларини (ташқи таъсирлари) нархлаш сиёсати олиб борилмоқда. Шаҳардаги эстакада ва кўприклар бузилиб, парклар, ҳиёбонларга айлантирилмоқда, автомобиль юрар қисми эса анча тор кўчаларга айлантирилмоқда.

Биз бу тенденцияни тескарисини қилмоқдамиз. Шаҳар кўчаларини кенгайтириб, паркларни қуритмоқдамиз. Яшил зоналарни мисли кўрилмаган темпларда кесиб, шаҳарни чўллаштирмоқдамиз. Трамвай қайтиши ҳақидаги мулоҳазада буни эсладим. Яъни трамвай олиниши яққол хато эди, энди буни тузатишга анча пул ва вақт кетади. Трамвайни йўқотиш ҳам, уни қайта қўйиш ҳам шаҳар аҳолиси ҳисобидан молиялаштирилган хатони тузатишга уриниш. Худди эртага аэропортга зинали терминал қурилиши каби нарса — хатолиги биринчи кундан аён. Лекин тузатишга анча вақт ва жуда кўп пул кетади.

Шу нарсалар мени ўйлантиради, биз худди ривожланган цивилизациядан бир хил нарсаларни мерос қилиб олганмиз ва уларни қандай ишлатишни билмагандек ўзимизни тутяпмиз. Олов ёқишни билмайдиган қабилалар тракторни ишлатишни билмагандек, биз ҳам, технологик прогрессда ярим аср орқага қайтиб олиб, кейин яна бир аср қувиб етишга урингандек бўляпмиз.

Айтмоқчиманки, бизга трамвай қайтса, ёки дейлик аэропортда нормал терминал қачондир қурилса, буни прогресс дея олишга ҳақлимизми? Ахир шартли 1975 йилда, бизда шундай нормал терминал ва анча нормал трамвай мавжуд эди. Буни прогресс эмас, хатолар устида ишлаш деб айтсак бўлади. Масалан, кейинги 50 йилда, шаҳарда яшил майдонларни 8 баробарга оширсак (буни эҳтимоли паст, биламан) шундагина 80-йиллар охиридаги прогресс даражасига қайтамиз.

Менга ачинарли кўриниши, кўпгина соҳаларда, айниқса шаҳарсозлик ва жамоат жойларини режа қилишда биз кўп хатоларни энди қиляпмиз. Умидим борки, агар насиб бўлса, 30 йилда, балки 50 йилда, ўша хатоларимизни тўғирлашга мушарраф бўламиз. Ҳозирча, кейинги ўн йилда трамвай қайтиши ва аэропортда зинасиз терминал бўлишига умид қилсак бўлади.

Бу фикр менга қачондир режалаштирилган метро бекати ичида келди. У жой ҳозир метро бекати бўлиб ишлатилмайди. Қандайдир сюрреализмга ўхшатдим. Ярим аср олдин буни метро бекати деб қазишган, лекин ярим асрдан кейин келган одамлар, ўша бекат бўлиши кераклигидан бехабар ишлатяптилар. Келажак технологиясини кўҳна қабила қўлга киритганидек ўзларини тутмоқдалар. Жуда ёмон аналогия учун, узрку, лекин қўл телефони билан ёнғоқ чаққандек менга туюлди. Хуллас, бизга келажакда хатолар устидан ишлашимизга кўпроқ пул керак бўлса, келажакка етиб олгунча анча сабр керак бўлади.