24 январь куни эрталаб Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Бунёд кўчасида жойлашаган омборхонада ёнғин юзага келди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бу ҳақда хабар берди.

Унга кўра, туман ФВ бўлимига соат 09:58 да ёнғин тўғрисида хабар келиб тушган. Шунга кўра, 10 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 10:04 да етиб борган ва ёнғин соат 10:57 да қуршаб олинган. Ҳозирги пайтда ёнғинни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Дастлабки маълумотларга кўра омборхонанинг тахминан 250 кв.м. майдонида томи, шифти ва ички қисмида сақланаётган маҳсулотлар ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ», — дейилади хабарда.