Япониянинг JICA ташкилоти Ўзбекистонга «Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш» лойиҳасини молиявий қўллаб-қувватлайди.

Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Шаҳриёр Нуруллоев ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директорининг биринчи ўринбосари Ёшимаса Такемура учрашувида айтиб ўтилган.

«Учрашувда лойиҳага Япония томонидан 55,9 млн иена (490 минг АҚШ доллари) ажратилганлиги маълум қилинди», — дейилади хабарда.

Фото: Маданий мерос агентлиги.

Учрашув якунида томонлар лойиҳа ҳужжатларини Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида имзолаш маросимини ўтказишга келишиб олишган.

Таъкидланишича, JICA томонидан 2021 йилнинг 10−30 июнь кунлари Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда Термиз археология музейларида ва Термиз шаҳри яқинидаги археологик объектларда ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, 2021 йил 29 октябрида Маданий мерос агентлигида «Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш» лойиҳасининг дастлабки муҳокама йиғилиши ўтказилган.