Адлия вазирлиги 24 январь куни Helvetas Swiss Intercooperation`нинг Ўзбекистондаги филиалини давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда «Газета.uz»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу ташкилот 1955 йилда ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериш учун ташкил этилган. Ҳозирги кунда 32 мамлакатда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.

Ташкилотнинг асосий мақсади — аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами шароитлари ва турмуш сифатини яхшилашга кўмаклашиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва муассасаларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш ва инновацияларни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва бошқалардан иборат.

Ташкилот мамлакат таълим тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда профессионал таълим тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини 2021−2025 йиллар давомида амалга оширишни режалаштирган. Мазкур лойиҳа бюджети 4,8 млн франкни ($5,26 млн) ташкил этади.