Боҳадир Абдувалиев Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

У 2019 йилдан бери Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.

Боҳадир Абдувалиев 1968 йил 27 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ), 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

1992 йилдан ҳозирга қадар ҳуқуқ-тартибот идораларида турли лавозимларда ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январида мазкур туманга Бектемир тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган Жаҳонгир Иброҳимов ҳоким этиб тайинланганди.

Ундан олдин эса 2018 йилнинг октябрь ойидан Раҳмонбек Усмонов Юнусобод туманига ҳокимлик қилган.

Бунгача, 2017 йилнинг апрелида Юнусобод туманига ҳоким бўлган Бахтиёр Абдусаматов ер участкасини ажратиш учун пора олаётганда ушлангани хабар қилинганди.