Афғонистон муваққат ҳукумати трансафғон темир йўлининг йўналишини тасдиқлади. Бу ҳақда ҳукуматнинг расмий вакили Инамулла Самангонийга таяниб Spot хабар берди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Мозори Шарифдан йўналиш Бағлон ва Бомиён орқали ўтади. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

«Мозори Шариф-Бағлон-Бомиён йўналиши Ўзбекистондан Афғонистон орқали Покистонга олиб бориладиган темир йўл лойиҳаси учун тасдиқланган», — деб ёзади Самангоний.

Бундан олдин Тошкентни Покистон шимоли билан боғлайдиган узунлиги 573 км бўлган «Мозори-Шариф-Кобул-Пешавар» темир йўли қурилиши маълум қилинганди. Лойиҳа учун умумий 4,8 млрд доллар кредит жалб қилиниши хабар берилганди. Маълум қилинишича, лойиҳага Россия темир йўллари қизиқиш билдирган. Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги транзит йилига 20 миллион тоннагача юкни ташкил этади.

Трансафғон темир йўлини қуриш ташаббуси 2018 йилда илгари сурилган эди. Қурилиш ишларини 2021 йил сентябрида бошлаш режалаштирилган эди, бироқ Афғонистонда ҳокимият алмашинуви бунга йўл қўймади.

Жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган музокаралар натижасида лойиҳага Афғонистон муваққат ҳукумати қўшилди.

Жанубга йўл

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда юкларни етказиб беришнинг жанубий йўналиши ишлаб чиқилмоқда — портларга етиб бориш тезроқ ва арзонроқ. 2021 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Покистон орқали биринчи транзит юкини жўнатди. Ўз навбатида, Покистон ҳам Ўзбекистон юклари учун транзитни соддалаштирган.

Бироқ Афғонистондаги вазият масалани мураккаблаштирмоқда. Ўзбекистонлик етказиб берувчиларнинг таъкидлашича, аввал порахўрлик ,"Толибон" келганидан кейин эса инспекторларнинг касбий маҳорати йўқлиги Афғонистон божхонасидан ўтишни қийинлаштирган.

Президент Шавкат Мирзиёев трансафғон темир йўлининг қурилиши Ўзбекистон учун қўшимча бозорлар пайдо бўлиши, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таннархининг 60−70 фоизга камайишига имкон яратишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати билан «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича музокараларни давом эттираётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, «„Толибон“ раҳбарияти ҳам бу лойиҳа амалга ошишига астойдил розилигини билдиряпти».