Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Феруза даҳаси «Камолот» маҳалласидаги бешта уй аҳолиси ўз уйларининг ҳовлисидаги мўъжаз дарахтзор ўрнида кўп қаватли уй қурилишига қарши чиқмоқда. 22 январь куни тарқатилган видеомурожаатда улар вазиятга таъсир ўтказишга уринишлар муваффақиятсизликка учрагани учун митинг ўтказишга рухсат сўраб маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилишга мажбур бўлганликларини айтишган.

Фото: Равшан Абдуллаев / Facebook.

Аҳолининг маълумотларига кўра, 1970−80-йилларда экилган дарахтлар ўсиб турган, болалар майдончаси ҳам мавжуд 8, 10, 30, 31 ва 32-уйлар оралиғида турар жой биноси ёки меҳмонхона қуриш режалаштирилган.

«Қурувчи қурилиш учун рухсат берувчи ҳужжатларни ўтган куни олди. Девор ўрнатишга уриниш бўлди. Ундан олдин судга, ҳокимликка мурожаат қилдик, ариза бериш мумкин бўлган барча инстанцияларга мурожаат қилдик, — деди „Камолот“ маҳалласи фаолларидан бири Дарья Дятлова видеомурожаатда. — Биз ҳатто қурувчига берилган рухсатномалар бўйича депутатлик сўровини ҳам қилдик. Ҳамма жойда жавоб бериш узоқ кечиктирилмоқда. Аксарият ҳолларда бизни аҳоли сифатида шунчаки эътиборсиз қолдиришмоқда, қурилишга нисбатан қарши фикрларимиз ҳам беэътибор қолмоқда».

У фуқароларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолдирилаётган муносабати билан аҳолида расман митинг ўтказишга рухсат сураб мурожаат қилишдан бошқа чиқиш йўли қолмаётганини маълум қилди.

«Бугун биз бу ерга қуйидагиларни айтиш учун йиғилишга қарор қилдик: агар бизга нисбатан, аҳолига нисбатан, биз эса бу ерда камчилик эмасмиз — бешта уйда яшовчилар, — худди шундай сиёсат давом этадиган бўлса… шундай бир ҳиссиёт борки, гўёки ҳамма кар ва бу ерда ҳеч ким яшамайди — бу ерда болаларимиз йўқ, бу ерда кексаларимиз йўқ, бу ерда ўзининг кучи, асаблари, ҳаётини шу уйларга, квартираларга тиккан одамлар йўқдек. Биз аҳоли номидан расман мурожаат қиламиз, биз ҳаммамиз бу ерда эмасмиз, лекин биз йиғилишни ва тегишли тузилмалардан расмий митинг ўтказиш учун рухсат сўрашни режалаштирмоқдамиз ва хоҳлаймиз. Биз йиғилиб, ўз нуқтаи назаримизни билдирмоқчимиз. Ўйлаймизки, ҳарҳолда, одамларга бундай муносабатда бўлиш мумкинмасдир», — деди фаол.

Уйлардан бирида истиқомат қилувчи Равшан Абдуллаевнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Феруза даҳасидаги болалар майдончаси ва дам олиш ҳудудини ўз ичига олган 0,12 гектарлик майдон хабардор қилинмасдан ва аҳоли билан келишувсиз кимошди савдосига қўйилган.

2020 йил 19 августдаги ким ошди савдоси якунлари бўйича баённомага кўра, беш қаватдан ошмайдиган турар-жой биноси, маъмурий офис ёки меҳмонхона қуриш учун лотни ер участкасига 1,22 млрд сўм таклиф қилган (бошланғич баҳоси 871,5 млн сўм) Premium Engineering Group ютиб олган. Шу билан бирга, компания 6 млрд сўм сармоя киритишни ҳам ўз зиммасига олган.

Унинг сўзларига кўра, қурувчи кўплаб рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим этган, фақат биттасидан ташқари — қурилишга қарши чиқаётган аҳолининг розилиги. У, шунингдек, дарахтларни кесишга мораторийни эсга олди.

«Тошкент» телеканалининг «Муносабат» кўрсатувида Дарья Дятлова шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига таяниб, қуриб битказилган микрораёндаги кўп қаватли уйлар орасига объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмаслигини маълум қилди.

«Гап ушбу участка остида коммуникаацияларнинг бор ёки йўқлигида эмас. Масала бошқа ёқда: бизнинг коммуникацияларимиз бор, уйларимиз эса бугун зўрға нафас олмоқда. Биз бу уйларда ҳамма нарсани ўз кучимиз билан қиламиз. Сиз суқилиб киришни хоҳлаётган майдонча, принципиал масала кўтариладиган бўлса, уни ҳам ўз кучларимиз билан уни ободонлаштирамиз», — деди у.

Равшан Абдуллаевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 23 январь куни очиқ мурожаатнинг эртасига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари аҳоли билан учрашган. Аҳоли уларга ўз талабларини маълум қилиб, ҳудудда ҳар қандай қурилиш лойиҳаси ва режаларини бекор қилишни талаб қилишди.

Ҳокимлик аҳолини жавобгарлик ҳақида огоҳлантиришга қарор қилди

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ўзининг расмий видеошарҳида ҳокимлик тадбиркорга ер ажратиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлади.

Видеода маъмурият тадбиркор ва аҳолини мулоқотга чақириб, митинг ташкил қилиш ёки уни ўтказишга чақирганлик учун жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтган. Бироқ аҳоли мурожаатида митинг ўтказишга чақириқ бўлмаган.

Ўзбекистон Конституциясининг 33-моддасида шундай дейилади: «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга».

Ўзбекистонда митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказиш тўғрисида қонун ёки бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас. Бу ҳақдаги қонун лойиҳалари икки марта — 2019 йил июнь ва 2020 йил августда эълон қилинган. Ўшанда август ойида Ички ишлар вазирлиги йиғилишлар, митинглар ва намойишлар тушунчаларини, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи ҳужжатнинг йўқлиги «ҳуқуқий бўшлиқ» эканлигини ва «Конституциянинг 33-моддасида кўрсатилган қоидаларни тўлақонли татбиқ этишга имкон бермаслигини» тан олди. Қонун ҳалигача қабул қилинмаган.

Маҳалла раиси Бектемир Қўйлиев туман ҳокимлиги матбуот хизматига берган интервьюсида аҳолининг интернет орқали аҳолига мурожаат қилишини нотўғри деб атади.

Шу билан бирга, у қуйидагича тан олди: «Энди, аҳоли орасида норозилик бор. Айтишларича, бу ерда уй қуриш, ҳудудни ўраб олиш режалаштирилган. Лекин ҳеч ким бизга ҳужжатларни бермади. Бизнинг битта мақсадимиз бор — бу ерда ҳеч кимнинг аҳолининг рухсатисиз ҳеч нарса қилишга ҳаққи йўқ».

Маҳалла раҳбари 2021 йилда мазкур ҳудудга қурувчи вакиллари ташриф буюриб, беш қаватли уй қуриш режалари ҳақида маълумот бергани, лекин ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаганини айтди. У компанияни аҳоли билан учрашиш, барча керакли ҳужжатларни тақдим этиш ва лойиҳани муҳокама қилишга таклиф қилди, бироқ «ўшандан бери улар қайтиб келишмаган».

«Ҳокимият ер ажратиш тўғрисидаги қарорларини бекор қилмас экан, муаммолар тугамайди»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев аҳоли ўз муаммоси билан кўплаб инстанцияларга мурожаат қилганини тасдиқлади.

«Афсуски масъуллар одамларни эшитмади. Аҳоли кўп идораларга мурожаат қилди. Бефойда. Охири улар тинч йўл билан митинг ўтказмоқчи бўлишди. Мақсад — масъулларни уйғотиш! Энди туман ҳокимияти уйғониб, маҳалла раиси орқали аҳолини қўрқитмоқчи», — деб ёзди у.

«Қизиқ: ҳокимият аҳоли нима учун бунга мажбур бўлганини тушундимикан? Шаҳар ҳокимияти дарахтлар жойлашган ерларни қурилишга бериш бўйича барча қарорларини бекор қилмас экан, бундай муаммолар тугамайди. Ҳукумат эса мораторийни эсдан чиқармаслиги лозим!» — дея таъкидлади парламентарий (президент фармони билан дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилди).

Premium Engineering Group компанияси ҳақида

КТЯДР маълумотларига кўра, Premium Engineering Group компанияси 2014 йилнинг 28 февралида рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — бошқа тоифаларга киритилмаган ташишларда бошқа ҳамроҳ хизматлар. Таъсисчилар сифатида Bernet Ltd (98,5%), Korsal Invest (0,1%), Адхам Арабджанович Махкамов (1,4%) ва Салима Рахматовна Курбонова (1,4%) кўрсатилган.

Лондонда рўйхатга олинган Bernet сайтида айтилишича, бу «2007 йилдан буён Ўзбекистон ва яқин хориж давлатлари ҳудудида фаолият юритаётган кўп профилли қурилиш ташкилотидир».

«Газета.uz» мақолани эълон қилиш вақтида изоҳ олиш учун Premium Engineering Group компанияси билан боғлана олмади.