Тошкент жамоат транспортида йўлкира нархи қимматлашади

1 январдан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти учун йўл ҳақини 1400 сўмдан 1700 сўмгача ошириш режалаштирилмоқда. Шунга қарамасдан, транспорт картаси билан тўловни амалга ошириш жорий нархдан арзонроқ бўлиши керак. Карта билан жамоат транпортида ҳаракатланиш сонига чегара ўрнатиш ҳам кўзда тутилган.

Бокс: Баҳодир Жалолов рақибини 46 сониёда нокаутга учратди

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов рақиби Хулио Калименони биринчи раунддаёқ нокаутга учратди. У жаҳон чемпионлиги учун жанг қилиш ҳамда оғир вазн тоифасида барча камарларни Ўзбекистонга олиб келиш ниятида эканлигини маълум қилди. «Ким билан бўлса ҳам рингга чиқишга тайёрман. Энтони Жошуа, Александр Усик, Тайсон Фьюри… Менга фарқи йўқ», — деди Баҳодир Жалолов.

Нурафшонда ёдгорлик мажмуаси ва кутубхона қурилиши бекор қилинди

Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг олдинги хокими имзолаган Нурафшон шаҳрида умумий қиймати 34,4 млрд сўм бўлган ёдгорлик мажмуи ва кутубхона қуриш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Ушбу маблағлар муҳтожларга ёрдам бериш ва бошқа мақсадларга сарфланади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти таркибига киритилди. Жамғарманинг молиялаштириш тартиблари, асосий вазифалари ўзгаришсиз қолди.

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилади

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилиши кутилмоқда. Қонунчилик палатаси қўмитаси тегишли қонун лойиҳасини палатанинг навбатдаги мажлисига киритди. Ҳужжат илк бор 2020 йилда муҳокамага қўйилганди.

«Амирсой» ҳудудида «Дипломатлар боғи» ташкил этилди

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва хорижий давлатларнинг элчилари «Амирсой» ҳудудида ташкил этилган «Дипломатлар боғи»да дарахт экишди. Туркия элчиси Олган Бекар келажакни асраб қолиш учун бу ҳам бир имконият эканлигини таъкидлади.

Ирригация институти Миллий тадқиқот университетига айлантирилди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти шу номдаги Миллий тадқиқот университетига айлантирилди. Янги йилдан бошлаб университет ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтади ва 2022/2023 ўқув йилидан тўлиқ илмий ва ташкилий, бошқарув мустақиллигига эга бўлади. Университет ишини эса Бошқарув кенгаши мувофиқлаштиради.

Тошкент шаҳридаги ҳарбий шаҳарча аукцион орқали 266,4 млрд сўмга сотилди

Чилонзор туманидаги бошланғич нархи 204 млрд сўмга баҳоланган ҳарбий шаҳарча онлайн савдо орқали 266,4 млрд сўмга сотилди. Аукционда 2 декабрь куни ташкил этилган «Do'mbrobod city group» компанияси ғолиб бўлган.

Самарқанд ва Қашқадарёни боғловчи довон ҳаракат учун ёпилди

Об-ҳаво ўзгариб, қор ёғаётгани туфайли Самарқанд ва Қашқадарёни боғловчи «Тахтақорача» довони танспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Савдони эркинлаштирмоқчимизми ёки тескариси?

Ҳукумат қарори билан импорт товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби низоми тасдиқланди. Квоталар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан импорт қилувчилар ўртасида тақсимланади. Иқтисодчи Миркомил Холбоев ушбу қарорнинг салбий оқибатлари, тариф квоталарининг иқтисодиётга таъсири ва ҳукуматнинг квоталардан кўзлаган мақсади ҳақида «Газета.uz» учун мақоласида фикр юритади.

Ўзбекистон 6 йилдан буён мулкни адолатли мусодара қилиш масаласида дунё давлатлари орасида энг ёмон кўрсаткичларни қайд этмоқда

Депутат Расул Кушербаев «Қонун устуворлиги» индексининг мулкни адолатли мусодара қилиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон энг охирги ўринларда эканлигини қайд этиб, ушбу ҳолатни «шармандачилик» деб атади. «Газета.uz» ўрганишларига кўра, ушбу кўрсаткич рейтингга киритилган 2015 йилдан бери Ўзбекистон мулкнинг адолатли мусодараси субиндикаторида энг паст ўринларни эгаллаб келмоқда. Таҳририят ушбу рейтингни тузган World Justice Project (WJP) маълумотлари асосида бошқа индикаторларни ҳам ўрганиб чиқди.