«Яшил макон» миллий дастури доирасида Тошкент вилоятидаги «Амирсой» тоғ-чанғи мажмуаси ҳудудида «Дипломатлар боғи»ни ташкил этилди, дея хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

10 декабрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳамда хорижий давлатларнинг дипломатик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари биргаликда арча, мевали ва манзарали дарахтлар кўчатларини ўтқазишган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм дарахт экиш жуда муҳимлиги, бу атмосферадаги мумаммоларни камайтиришини таъкидлади.


Покистон элчиси Саид Али Асад Ғилоний эса бу унинг Ўзбекистондаги илк ўтказган кўчати эканини маълум қилган. Руминия элчиси Даниеэл Кристиан Чобан эса бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлашини қайд этган.

«Бу келажакни асраб қолиш учун бир имконият. Барча элчилар шу ерда, улар дарахт экишяпти», — деди Туркия элчиси Олган Бекар.

Дипломатлар Амирсойга қилган саёҳатидан энг қизиқарли ва керакли қисми кўчат эккани бўлганини таъкидлашган.

Ноябрь бошида Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилганди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.