Президент Шавкат Мирзиёев 10 декабр куни «Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти — «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетига айлантирилди.

Университет гидроэнергетика, ирригация, мелиорация, қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологиялар, сув тежовчи суғориш технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбалари, геодезия ва геоинформатика, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишларида кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Муассасанинг қўшимча асосий вазифалари белгиланди:

  • суғориш тизимлари самарадорлигини ошириш, тежамкор суғориш технологияларини яратиш, «рақамли қишлоқ хўжалиги» ва геоахборот тизимлари асосида ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолашни йўлга қўйиш ҳамда тупроқ унумдорлигини оширишнинг такомиллашган усулларини ишлаб чиқиш;
  • замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш ва уларнинг трансфери бўйича самарали тизимни шакллантириш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш, сув ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишни рақамлаштириш борасида илмий ечимларни ишлаб чиқиш;
  • ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, таълим ва тадқиқотни уйғунлаштириш орқали иқтисодиёт тармоқлари учун энг илғор инновацион технологияларни ишлаб чиқиш;
  • тасарруфидаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бошқалар белгиланган.

Университет фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бошқарув кенгаши ташкил этилмоқда, уни бош вазир ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошқаради.

Бошқарув кенгаши Университетнинг молиявий йил учун мўлжалланган бизнес-режасини тасдиқлайди. Фанлар академияси илмий муассасалари ва тармоқ илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий мактабларни ривожлантириш, таълим, илмий тадқиқот ва ишланмалар трансфери жараёнларини ривожлантириш ҳамда илмий тадқиқот ва инновацион ишланмалар бўйича буюртмачилар билан манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш билан шуғулланади. Шунингдек, илмий маҳсулотларни тижоратлаштириш, стартап ва акселератор фаолиятларини йўлга қўяди.

Бундан ташқари, янги университет таркибида трансформацион офис пайдо бўлади.

Мазкур офис университетни трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда 2025 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш учун масъул бўлади.

ОТМни танитиш бўйича миллий ва хорижий ОАВ, Интернет ва бошқа воситалар орқали тарғибот тадбирлари ўтказилади ва реклама қилинади.

Унда турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш учун қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизими ва ўқув жараёнлари, кутубхона ва ҳужжатлар айланмасини рақамлаштирувчи «Рақамли Университет» платформасига тўлиқ ўтишини таъминлаш трансформацион офис зиммасига юклатилади.

Муассасанинг 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб академик ва ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида ваколатлари белгиланди. Университет 2022 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.

Шунингдек, қарор билан Университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институтини ташкил этиш, Университетнинг Бухоро филиали негизида Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтини ташкил этиш, Университетнинг Қарши филиали негизида Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. У Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент. Меҳнат фаолиятини ҳам 1981 йилда айнан мазкур институтдан бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлаган.

Сардор Умурзаковнинг отаси — марҳум Ўктам Умурзаков Пардаевич 2017 йилнинг майидан 2021 йилнинг июлига қадар Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори бўлиб ишлаган.