2 декабрь куни ҳукумат қарори билан импорт қилинадиган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга кўра, тариф квоталари ҳажмлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан импорт қилувчилар ўртасида тақсимланади. Иқтисодчи Миркомил Холбоев импорт квоталарининг нима эканлиги ва унинг иқтисодиётга таъсири ҳамда қабул қилинган низом сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган ёмон оқибатлар ҳақида фикр юритади.

Савдони чеклаш усуллари

Савдони чеклашнинг бир нечта ўзига хос усуллари мавжуд: бож бўлган, бож бўлмаган ҳамда яширин усуллар (баъзи ҳолларда улар бир вақтда қўлланилади).

Кўпчиликликка маълум бўлган божли чекловлар мамлакатга олиб кирилаётган товарлар учун бож ставкарини белгилаш ҳисобланади. Бож ставкалари икки шаклда бўлиши мумкин: биринчиси волорем, яъни импорт қилинадиган маҳсулотнинг қийматига мос олинадиган тариф. Масалан, импорт қилинган шакарнинг 1 кг қиймати учун 20% бож ўрнатилса бу волорем тарифга мисол бўлади. Тарифларнинг иккинчи кўриниши специфик тарифлар ҳисобланади ҳамда бундай тарифлар маҳсулотнинг қийматидан қатъий назар белгиланган миқдорда олинади. Масалан, шакар импортининг ҳар бир килограмми учун 2 доллардан бож олинса, унда бу специфик тарифларга мисол бўлади. Яъни импорт қилинаётган маҳсулотнинг нархи қандай ўзгаришидан қатъий назар белгиланган тариф миқодори ўзгармайди.

Амалиётда юқоридаги икки кўринишдаги тарифларнинг бирга қўлланиладиган ҳолатларини кўп учратиш мумкин. Масалан, шакар импортининг ҳар 1 кг қиймати учун 20% лик лекин 2 доллардан кам бўлмаган миқдордаги божларнинг ўрнатилиши иккала турдаги тарифларнинг бирга қўлланилишига мисол бўлади.

Бож бўлмаган усулларга эса миқдорий чеклаш (квота)ни мисол қилиб келтириш мумкин. Миқодорий чеклашнинг божлардан асосий фарқи шундаки, мамлакатга олиб кирилаётган товарлар учун йиллик (ойлик ёки кварталлик) миқдорий чекловлар ўрнатилади. Масалан, мамлакатга жорий йилда 100 тонна шакар олиб кириш мумкин каби. Импорт миқдори белгиланган даражага етгандан кейин бу маҳсулот импорти бутунлай тўхтатилади. Яъни, юқоридаги ҳолатда шакар импорти 100 тоннага етса, мамлакатга яна шакар импорт қилиш имконсиз бўлиб қолади.

Яширин усулларга эса импорт товарлари учун лаборатория текширувини ўрнатиш, қандайдир лицензиялар талаб қилиш, ёки ички ишлаб чиқарувчиларни субсидиялаш каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Ҳозирги кунда миқдорий чеклаш усули ҳисобланган квоталарнинг ёлғиз ўзи камдан кам ҳолларда қўлланилади. Яъни улар аксарият ҳолларда божлар билан бирга келади.

Тасаввурий мисол: шакар импортининг 100 тоннаси учун 10% ли импорт божи амал қилади. 100 тоннадан ошган ҳар бир кг шакар импорти эса айтайлик 100% лик божга тортилади. Худди шунга ўхшаш мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин, масалан Жанубий Корея ёки Япония ички гуруч ишлаб чиқарувчиларини сақлаб қолиш мақсадида квотали божлардан фойдаланади. Кореяда гуруч импортининг тахминан 400 минг тоннаси (умумий истеъмолнинг тахминан 15−20%) 5% ли божлар билан импорт қилинади, ҳамда бу миқдор бир нечта ҳамкор давлатларга бўлиб берилган. Импорт ҳажми 400 минг тоннага етгандан кейин ҳар бир кг импорт қилинган гуруч 500% дан юқорироқ даражада божларга тортилади (бунда импорт қилиш деярли иложсиз бўлиб қолади).

Импорт квоталари бўйича янги низомнинг салбий оқибатлари

2 декарбда ҳукумат томонидан қабул қилинган низомга кўра, импорт қилинадиган товарларга тариф квоталари жорий қилинади. Қарорда ушбу низом президентнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ қабул қилинганлиги ҳам айтилган.

Бир жиҳатдан олиб қараганда, бу низомни халқаро ташкилотга қўшилиш учун ташланаётган катта қадамлардан бири сифатида эътироф этиш мумкиндир, аммо бу каби савдони чеклашнинг бошқа усулларини ўйлаб топилаверса, унда халқаро ташкилотларга қўшилиш савдони амалда эркинлашишига олиб келмайди. Айнан тариф квотаси бўйича жорий қилинган низомнинг ўзи ҳам бир нечта ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Биринчидан, низом жуда ҳам мужмал кўринмоқда. Яъни низомга кўра, импорт товарларининг белгиланган миқдори учун белгилангандан пастроқ даражадаги божлар қўлланилса, белгиланган миқдордан ошиб кетган миқдор учун амалдаги божлар қўлланилади (низомдаги кўринишидан иложи борича осонлаштиришга ҳаракат қилдим). Бир қарашда савдомиз эркинлашаётгандек кўринади, яъни қанчадир миқдор учун амалдагидан пастроқ, ўша миқдордан ошган импорт учун эса амалдаги божлар қўлланилиши аслида савдонинг эркинлашишику.

Лекин унда бу низомнинг ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорга қандай алоқаси бор? Яъни агар биз ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун бу низомни қабул қилаётган бўлсак, унда низомнинг юқоридаги кўриниши мантиқсизроқ бўлиб қолган бўлади-ку. Менимча, белгиланган квотадан ошган миқдор учун амалдаги эмас, балки янги белгиланган бож режими амал қилиши белгиланади (ва шунда импорт қилиш деярли иложсиз бўлиб қолади).

Иккинчидан, бу низом икки жиҳатига кўра жудаям хавфли. Низомда келтирилишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги белгиланган квота миқдорини импорт қилувчиларга бўлиб беради. Бошқача айтганда, ҳукумат кимга импорт қилиш ҳуқуқини беришни ўзи ҳал қилади. Бу эса ўз-ўзидан нафақат биз каби, балки исталган давлатда коррупциянинг янада авж олишга сабаб бўлади. Яъни қайсидир сабабларга кўра ҳукумат А импортёрга Б импортёрга нисбатан кўпроқ квота беради ҳамда бунинг сабабини ҳеч кимга тушунтириб бермайди. Бундай шаклдаги квота нафақат ички бозорни монополлаштиради балки импорт қилиш ҳуқуқини ҳам ҳукумат бўлиб бериши натижасида импорт ҳам янада монополияга айланади.

Бундан ташқари, давлат қайси давлатлардан импорт қилишни ҳам ўзи белгилайди, бу ҳам истеъмолчилар учун зарар бўлиши мумкин. Масалан ҳукумат қайсидир давлатдан импорт қилиш бошқа давлатга нисбатан қимматроқ бўлса-да, ўзининг сиёсий амбицияларига кўра қимматроқ давлатдан импорт қилишни танлаши мумкин.

Савдони чеклашнинг инструменти ўзгаришига қарамасдан умумий тўсиқлар даражаси бир хил сақланиб қолган тақдирда ҳам тарифли-квоталарнинг иқтисодий оқибатлари божларга нисбатан анча ёмонроқ.

Биринчидан, импорт учун тўсиқларнинг инструменти ўзгаришини истеъмолчилар сезмайди, аммо ҳукумат олдин импортдан келиб тушган тушумларининг бир қисмини йўқотади. Тариф-квотаси шароитида белгиланган квота миқдори учун божлар олдингига нисбатан пастроқ шаклланади, айнан шу сабабли ҳукуматга келадиган бож тушумлари пасаяди, бож тушумларининг пасайишидан келган наф эса нархнинг пасаяши орқали истеъмолчиларга эмас, балки импорт қилиш ҳуқуқини қўлга киритган импортёрлар (ёки чет эл экспортери) ҳамда самарасиз ички ишлаб чиқарувчиларга бўлиб берилади. Яъни ҳукумат савдони чеклашнинг инструментини алмаштириши истеъмолчиларнинг фойдасини кўзлаб эмас, балки қайсидир танлаб олинган импортёрлар ҳамда самарасиз ишлаб чиқарувчиларни бойроқ бўлишига олиб келади.

Иккинчидан, ҳукумат квота белгиланадиган товарлар учун ҳар йили квота миқдорини белгилаб беради, яъни ҳукумат бозордаги истеъмолчиларнинг қанча истеъмол қилишини улардан кўра яхшироқ билишига даъво қилади. Аммо истеъмолчиларнинг диди ёки танловлари ўзгариб туради. Масалан қайсидир йил (шартли биринчи йил) улар қайсидир товарнинг импорт қилинган шаклини камроқ истеъмол қилса, бошқа йилда (шартли иккинчи йил) диднинг ўзгариши натижасида кўпроқ истеъмол қилиши мумкин. Бундай ҳолатда табиийки, истеъмолчиларнинг иккинчи йилда импорт маҳсулотларига бўлган талаби ошади, лекин ҳукумат квоталарни олдинги йилдаги талабга қараб белгилайди. Бу эса иккинчи йилда импорт товарларига қондирилмаган талабни келтириб чиқаради ҳамда импорт маҳсулотларининг нархини оширади. Импорт товарларининг нархи ошиши эса миллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг ҳам нархининг ошишига олиб келади (импорт товарларининг ички бозорга қанчалик таъсир қилиши импорт товарларининг умумий истеъмолдаги улушига боғлиқ). Натижада бозордаги умумий нарх ошиб кетади. Бошқача айтганда, бир хил даражада бўлган импорт квотасининг иқтисодиётга таъсири импорт божларидан кўра анча ёмонроқ бўлиши мумкин.

Шунингдек низомда айтилишича, ички ишлаб чиқарувчилар ҳам ҳукуматга ўз таклифларини киритиши мумкин экан. Бу эса ички бозордаги йирик таъсирга эга бўлган баъзи ишлаб чиқарувчиларнинг вазирликларга босим ўтказиши ёки ноқонуний йўллар билан уларга таъсир қилиш орқали ўзлари ишлаб чиқараётган товарларига импорт квоталарини ўрнатишга интилишларини келтириб чиқариши мумкин. Бу эса ўзи шундоқ ҳам истеъмолчиларга узоқ вақтдан буён оғриқ бериб келаётган баъзи соҳалар учун савдонинг яна узоқ вақт эркинлашмасдан қолишига олиб келиши мумкин.

Менимча низомдан кўзланаётган асл мақсад ҳам айнан шу бўлса керак, яъни ҳукумат халқаро ташкилотларга қўшилгандан кейин ҳам ўзи стратегик деб ҳисоблаган соҳаларнинг ҳимоя қилиб қолинишини хоҳлайди. Ҳалигача ҳукумат баъзи соҳаларнинг (масалан автосаноат) ҳақиқатдан ҳам келажак соҳаси бўлишига қаттиқ ишонади. Лекин айнан шундай соҳалар аслида истеъмолчиларга кўпроқ зарар бериб келаётган соҳалар ҳисобланади. Уларнинг улуши ҳам кичкина эмас.

Қайсидир халқаро ташкилотга аъзо бўлиш натижасида импорт маҳсулотларининг фақат 20 ёки 30% ига умумий импорт тўсиқлари пасайса-ю, қолган 70 ёки 80% ига олдингидек сақланиб қолса, очиғи бундай ўзгаришни истеъмолчилар деярли сезмайди. Масалан, агар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши импорт маҳсулотларининг 20% қисмига (қийматга нисбатан) импорт тўсиқларини 10% га пасайтирса (импорт тўсиқларининг 10% га пасайиши импорт нархининг ҳам 10% пасайишига сабаб бўлади деб тасаввур қилсак), унда истеъмолчилар бу пасайишни жуда кам сезади. Чунки 20% лик импорт товарлари истеъмолчилар умумий истеъмолининг 8% ини ташкил этади холос. Умумий истеъмолнинг 8% (умумий импорт истеъмолнинг тахминан 40% қисмини ташкил этади, импортнинг 20% қисми эса умумий истеъмолнинг 8% ига тенг бўлади) қисмини ташкил этувчи товарлар нархининг 10% га пасайиши истеъмолчиларнинг умумий фаровонлигини атиги 0,8%га оширади холос. Яъни бундай ўзгаришни истеъмолчилар ўзларида деярли ҳис қилмайди. Бошқача айтганда, улар узоқ вақтдан буён кутган ўзгаришлар қайсидир халқаро ташкилотга аъзо бўлиш билан амалга ошиб қолмайди.

Бошқа томондан, қайсидир товарларга тарифли-квоталарнинг ўрнатилиши тўсиқлар даражасини олдинги фақат бож олинган режимга нисбатан ўзгартирмаса-да (шундай тасаввур қилсак), квотанинг ички бозорга таъсири божлардан ёмонроқ бўлади. Квотали шароитда импорт тўсиқлари ички бозордаги нархни фақат бож олинган режимдан кўра кўпроқ ошириши мумкин (масалан талабнинг ўзгариши натижасида импортга талаб бирдан ошса). Бу эса табиийки истеъмолчиларнинг фаровонлигини пасайтиради. Яъни халқаро ташкилотга аъзо бўлишимиз натижасида истеъмолчиларнинг фаровонлигининг ошиш даражаси 0,8% дан ҳам пастроқ бўлиши мумкин. Бунда фаровонликнинг бир қисми квоталарнинг ёмонроқ оқибатлари билан йўқолиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда умумий импортнинг қарийб 40%и МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Бу давлатлар билан эса мамлакатимиз эркин савдо зонаси шаклидаги битимга аъзо ҳисобланади. Яъни бу давлатлардан импорт товарлари шундоқ ҳам паст бўлган божлар билан кириб келади (бу давлатлар билан асосан бож бўлмаган тўсиқлар савдони чеклашда асосий роль ўйнайди). ЖСТга аъзо бўлишимиз импорт товарлари учун тўсиқларни юқорида тахмин қилингандан ҳам пастроқ даражада пасайишига олиб келиши мумкин, чунки импортимизнинг қарийб 40%и ўзи шундоқ ҳам паст даражали божлар билан кириб келади. Халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш эса бу давлатлар билан савдога катта таъсир ўтказмайди.

Хулоса шуки, божли квоталар импорт тўсиқларини ҳозирги даражадан оширмаган тақдирда ҳам, давлатнинг бозорга аралашуви кескин ошиши истеъмолчилар учун ёмон натижаларга олиб келиши мумкин. Менинг ўйлашимча, ҳукумат айнан баъзи халқаро ташкилотларга қўшилиши арафасида шунча вақтдан буён ҳимоя қилиб келган ички ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилишда давом этиш мақсадида бундай усул орқали савдони чеклашга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, катта эҳтимол билан бу низом истеъмолчиларнинг фаровонлиги ошишига эмас, балки пасайишига хизмат қилади.

Савдони ҳақиқатдан ҳам эркинлаштирмоқчи бўлган ҳукумат уни турли янги усуллар билан чеклаш ҳамда мураккаблаштиришга эмас, балки уни эркинлаштириш ва соддалаштиришга ҳаракат қилади. Афсуски, бизда бундай тенденцияни ҳозирча кўраётганим йўқ.

Миркомил Холбоев - иқтисодчи, Жанубий Кореядаги Жеонбук миллий университети Халқаро савдо йўналиши магистранти.