Президентнинг 9 декабрдаги қарори билан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди, дея хабар берди Norma. Бунда жамғарманинг амалдаги молиялаштириш тартиби ва штатлар сони сақлаб қолинади.

Ҳужжатга кўра, жамғарма Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти таркибига киритилди.

Илгаригидек қуйидагилар жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
  • халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданий ташкилотлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳияти ҳамда рақобатбардошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш;
  • маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш ва бошқалар.

Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

  • Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари (шу жумладан баённома қарорларига) асосан ажратиладиган республика бюджети маблағлари;
  • жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини молия ташкилотларида жойлаштиришдан олинган даромадлар;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, меценатлик кўмаги, грантлари;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9 декабрдан кучга кирди.