11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси йиғилишида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади давлат органлари фаолиятида давлат фуқаролик хизматининг давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Унда давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳада биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.

Қайд этилишича, ҳужжат лойиҳасидаги нормалар фақат давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан қўлланилади.

Депутатлар қонун лойиҳасининг давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига тааллуқли — ягона иш ҳақи тизими, рағбатлантириш ва жазо чоралари тартиби, ижтимоий таъминот, меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг ҳуқуқий кафолатлари каби қоидаларини атрофлича кўриб чиққан.

Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳасининг хизматчилар даромади ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий этиш, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш каби нормаларга ҳам эътибор қаратилган.

Якунда лойиҳани қуйи палатанинг яқин орада бўлиб ўтадиган мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қонун лойиҳаси илк бор 2020 йилнинг май ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. Ўшанда ҳужжатда давлат хизматчилари ҳар йили даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериши кераклиги қайд этилганди. Шунингдек, давлат хизматчилари меҳнатига ягона тизим асосида ҳақ тўланиши кўзда тутилганди.

2021 йилнинг августида қонун лойиҳаси қайта жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Декабрь бошида Антикоррупция агентлиги «Газета.uz»га қонун лойиҳасига «Совға сиёсати» номли алоҳида боб киритилганини маълум қилганди. Унда давлат хизматчилари қабул қиладиган совғаларнинг миқдори ва тартиблари қатъий белгиланаётгани айтилганди.

Муҳокамаси 6 июлга қадар давом лойиҳада ушбу қонун президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилиши битилган эди.

Аввалроқ, Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси муҳокамага қўйилгани ҳақида ёзган эдик.