8 декабрда Ўзбекистонда Конституция куни нишонланади. Асосий қонун 1992 йил 8 декабрда мамлакатнинг ўша пайтдаги парламенти — Олий Кенгаш сессиясида қабул қилинган. Конституция қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатнинг 20-асрдаги СССР таркибига кирган пайтдаги конституциялари ва мустақил Ўзбекистон конституцияси тарихига назар ташлаб, мамлакатнинг Бош қомуси келажаги ҳақида фикр юритишни таклиф қиламан. Олдиндан айтиб қўяй: мақола илгари мавжуд бўлган ёки амалдаги нормалар ҳамда уларнинг қўлланилишига ҳуқуқий баҳо беришга мўлжалланмаган.

Совет даври

1924 йил 27 октябрда РСФСР таркибида бўлган Туркистон АССР ҳамда Бухоро ва Хоразм социалистик совет республикалари ҳудудларининг бир қисмида Ўзбекистон ССР тузилди. Ўзбекистон ССРнинг биринчи Конституцияси 1927 йил 30 мартда Бутунўзбек Советлари иккинчи съездида қабул қилинган. Пойтахти Самарқанд шаҳрида бўлган ва таркибига Тожикистон АССР ҳам кирган Ўзбекистон ССР «ишчилар ва деҳқонларнинг социалистик давлати» деб эълон қилинди, бунда «бутун ҳокимият ишчилар, деҳқонлар ва Қизил Армия депутатлари советларига тегишли» экани белгиланди.

«Ишчилар, деҳқонлар ва Қизил Армия» ҳокимиятини ўрнатиш учун олий орган — Ишчилар, деҳқонлар ва Қизил Армия депутатлари Советлари Съезди тузилди. Амалда давлатга мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ва назорат қилувчи органи бўлган Советлар Марказий Ижроия Қўмитаси Президиуми ва ЎзССР Халқ Комиссарлари Совети — мамлакат ҳукумати раҳбарлик қилган. Табиийки, ҳокимиятлар бўлиниши ёки назорат ва мувозанат тизими ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган.

Жойларда давлат ҳокимияти маҳаллий советлар съездлари ва улар томонидан шакллантириладиган ижроия қўмиталари (исполкомлар) томонидан амалга оширилган. Қуйи бўғинлардаги исполкомлар юқоридагиларга, округ исполкомларидаги бўлим ва бошқармалар эса (халқ таълими, соғлиқни сақлаш, молия ва ҳоказо) — тегишли халқ комиссариатларига (наркомат) ҳисобдор бўлган. Эҳтимол, ҳозирги вазирликлар ва давлат органлари маҳаллий бўлимларининг икки карра — ҳам ўз вазирлигига ҳам, маҳаллий ҳокимликка бўйсунуви амалиёти ўтган бошқарув тизимидан мерос бўлиб қолгандир.

Мазкур конституцияда барча миллий озчиликларга ўз она тилидан съездларда, судда, давлат ва жамият ҳаётида эркин фойдаланиш, шунингдек, ўз она тилида таълим олиш ҳуқуқи берилган, декретлар (қонунлар), қарор ва фармойишлар эса ўзбек, рус ва тожик тилларида нашр этилган.

Ушбу конституциянинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, меҳнат фуқароларнинг ҳуқуқи эмас, балки мажбурияти сифатида тан олинди, даромад олиш мақсадида ёлланма меҳнатдан фойдаланган шахслар ва «меҳнатсиз даромад» эвазига яшаётган шахслар, шунингдек, хусусий савдогарлар, савдо воситачилари, диний хизматчилар, Россия империяси, Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги полиция ва маъмуриятининг собиқ ходимлари овоз бериш ва кенгашларга сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Ўзбекистон СССРнинг биринчи Конституцияси 10 йил давомида — 1937 йилгача амал қилди. 1936 йилда СССРнинг «сталинча» конституцияси қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон ССРнинг Асосий қонуни ҳам янги таҳрирда қабул қилинди. Худди аввалги конституцияда бўлгани каби ЎзССР «ишчилар ва деҳқонларнинг социалистик давлати» деб эълон қилинди. Тожикистон АССР 1929 йилда иттифоқ республикасига айлантирилган ва шу тариқа Ўзбекистон СССР таркибидан чиқарилган эди. ЎзССР таркибига Қорақалпоғистон АССР кирди, республика округлар, туманлар, миллий туманлар ва шаҳарларга бўлинди. Пойтахт Тошкент шаҳрига кўчирилган эди.

Ҳокимиятни бир органда жамлашнинг аввалги ёндашуви сақланиб қолди, фақат Советлар Съезди ўрнига Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши деб аталди. Олий Кенгаш аввалги Советлар Съезди каби доимий фаолият юритувчи орган эмас, балки йилига икки марта чақирилганлиги сабабли Олий Кенгаш Президиуми — доимий орган — тузилди. Президиум халқ комиссарларини — ҳукумат аъзоларини тайинлар ва лавозимидан озод этарди.

Конституциянинг аввалги таҳририда бўлгани каби, маҳаллий ҳокимият органлари маҳаллий кенгашлар томонидан тузиладиган ва юқори турувчи ижроия қўмиталари олдида ҳисобдор бўлган ижроия қўмиталардан иборат эди. Олий суд ва қуйи судлардан таркиб топган суд ҳокимияти Олий Кенгаш ва тегишли маҳаллий кенгашлар томонидан сайланган.

Меҳнат энди фуқароларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи деб тан олинди. Шунингдек, Конституцияда дам олиш, таълим олиш, қариганда, касаллик ва ногиронлик чоғида моддий таъминланиш ҳуқуқи кафолатланди, шахс, унинг уй-жойи ва ёзишмалари дахлсизлиги, жамоат ташкилотларига бирлашиш ҳуқуқи, эътиқод, сўз ва матбуот эркинлиги, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар эркинлиги ҳам қоғозда қайд этилди. Аввалги конституцияда мавжуд бўлган айрим тоифадаги шахсларни сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қоида чиқариб ташланди: қоғозда барча фуқароларга сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи ҳам кафолатланди.

1978 йилда «Сталинча» конституция «Брежнев» конституцияси билан алмаштирилди. Ўзбекистон «республикадаги барча миллат ва элатлар, ишчилар, деҳқонлар ва зиёлиларнинг иродаси ва манфаатларини ифодаловчи умумхалқ социалистик давлати» деб эълон қилинди.

Мазкур конституцияда Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг (КПСС) «бошқарувчи ва йўналтирувчи роли» мустаҳкамланди — ҳақиқий вазият юридик жиҳатдан расмийлаштирилди ва Коммунистик партия Марказий Қўмитасининг биринчи котиблари расмий олий орган — Ўзбекистон Олий Кенгаши ва унинг Президиумига қараганда кўпроқ ваколатларга эга бўлдилар.

Олий Кенгаш давлат ҳокимиятининг олий ижро этувчи ва бошқарув органи — Вазирлар Кенгашини тузди. Қуйи халқ судлари фуқаролар томонидан, юқори судлар эса тегишли кенгашлар томонидан сайланадиган бўлди.

1989−1992 йилларда 1978 йилги конституцияга жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди: ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди, президент ва вице-президент лавозимлари таъсис этилди, Вазирлар Кенгаши Вазирлар Маҳкамасига ўзгартирилди, Вазирлар Кенгаши раиси лавозими тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси раисининг вазифалари президентга ўтказилди.

Мустақил Ўзбекистон Конституцияси

1992 йил сентябрда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида эълон қилинган Конституция лойиҳаси. Конституциянинг яратилиш тарихига оид архив ҳужжатлари кўргазмасидан сурат, 2017 йил ноябрь. Ёлқин Шамсиддинов / ЎзА.

1978 йилги Конституция кейинчалик ўзгартишлари билан мустақил Ўзбекистон эълон қилинганидан ва СССР парчаланганидан кейин ҳам — 1992 йил 8 декабргача, яъни Республика Олий Кенгашининг 12-чақириқ 11-сессиясида мустақил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилингунча амалда бўлди. Нарзулла Жўраев, Турсунбой Файзуллаев, Қамариддин Усмонов 1998 йилда чоп этилган «Ўзбекистон тарихи» мактаб дарслигида ёзганидек, мамлакат Олий Кенгаши 1990 йилда 64 нафар аъзодан иборат конституциявий комиссия тузган ва унга ўша пайтдаги президент Ислом Каримов раҳбарлик қилган. Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институти, Сиёсатшунослик ва бошқарув институти ҳамда Президент девонининг юридик бўлими конституция концепциясининг учта вариантини ишлаб чиқди. Президент аппарати томонидан таклиф қилинган концепция асосида Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди ва мамлакатнинг амалдаги Асосий ҳужжатига асос бўлди.

Совет давридаги конституциялардан фарқли равишда, мустақил Ўзбекистон Конституциясида ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлиниши тамойили мустаҳкамлаб қўйилди (11-модда). Ҳудудий сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатга сайландиган 150 нафар депутатдан иборат бир палатали Олий Мажлис мамлакатда қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органи бўлди. Конституция лойиҳаси муҳокамаси чоғида икки палатали парламент яратиш таклифи ҳам билдирилган, бироқ бу таклифлар «бундай анъана йўқлиги» туфайли рад этилган эди.

Беш йил муддатга сайланадиган ва бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасининг раиси бўлган мамлакат президенти давлат ва ижро этувчи ҳокимият раҳбари деб эълон қилинди. Айрим сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, конституциянинг биринчи таҳририда қабул қилинган бошқарув шаклини «президент жуда кенг ваколатларга эга, парламентнинг назорат функциялари кам бўлган президент-парламент республикаси» сифатида тавсифлаш мумкин.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари — ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари кенгашлари тузилди. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил деб эълон қилинди.

2003 йилда конституцияга жиддий ўзгартиришлар киритилди: бир палатали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборат икки палаталига айлантирилди, президентлик муддати етти йилга узайтирилди. Президент ҳам давлат, ҳам ижроия ҳокимияти раҳбари бўлиб қолди, бироқ у энди Вазирлар Маҳкамаси раиси эмас эди. Парламент ролини кучайтирувчи бу ва ундан кейинги ўзгаришлар, ҳуқуқ фанлари доктори Мирафзал Мирақуловнинг фикрича, мамлакатни президентлик ва парламент республикаси белгиларига эга аралаш республика сифатида таснифлаш имконини беради.

Яна бир ўзгариш — президентлик сайловларини президентлик муддати тугайдиган йил декабрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш қоидаси — ҳуқуқий қарама-қаршиликка олиб келди, дейилади ЕХҲТ/ДИИҲБнинг 2007 йилдаги сайловларни кузатиш бўйича чекланган кузатувчи миссияси ҳисоботида: президент сайлови 2007 йил 23 декабрда бўлиб ўтди, ваҳоланки, унинг ваколатлари муддати ўша йил январь ойида тугаган эди.

2007 йилда Конституцияга навбатдаги ўзгартиришлар киритилди: президент ижро ҳокимияти раҳбари бўлишни тўхтатди. Эндиликда у «давлат бошлиғидир ва давлат органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди».

2011 йилда киритилган ўзгартиришлар бош вазирни тайинлаш ва унга ишончсизлик вотумини билдириш тартибига тегишли эди. Бундан ташқари, амалдаги президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Сенат раисининг зиммасига юклатилиши тўғрисидаги норма жорий қилинди — аввалги таҳрирда бундай ҳолларда Олий Мажлис депутатлардан (сенаторлардан) бирини мазкур вазифани бажарувчи этиб танлаши керак эди. Шунингдек, алоҳида тузатиш билан етти йиллик ўрнига беш йиллик президентлик ваколати муддати қайтарилди.

2014 йилда асосан Президент, Вазирлар Маҳкамаси, ҳокимлар ва Марказий сайлов комиссияси фаолиятига тааллуқли ўзгаришлар киритилди. 2017 йилда Конституцияга уч марта: март, май ва август ойларида маҳаллий кенгашлар, Конституциявий суд ва Олий судлар фаолияти билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди. Охирги ўзгаришлар 2019 йил август ва 2021 йил февраль ойларида киритилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Конституция куни муносабати билан йўллаган байрам табригида [А1] Конституция ва қонунларни такомиллаштириш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини либераллаштириш зарурлигини таъкидлади. Жорий йил ноябрь ойида бўлиб ўтган инаугурация маросимидаги нутқида ҳам президент жаҳон тажрибасини ўрганиш асосида мамлакатимизнинг бугунги ва кейинги тараққиётини белгилаб берувчи Асосий қонунни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари Конституция куни муносабати билан кечаги байрам табригида Конституцияга таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг асосий йўналишларини санаб ўтди.

Қандай ўзгартишлар киритилиши керак?

Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар ҳақида фикр юритар эканмиз, келинг, демократик жамиятни янада ривожлантириш учун қандай ўзгаришлар фойдали бўлишини таҳлил қилишга ҳаракат қилайлик.

13-моддага мувофиқ, демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади ҳамда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Бироқ асосий ҳуқуқ ва эркинликларга (кўчиш эркинлиги, фикр, сўз ва эътиқод эркинлиги) тааллуқли моддаларда «Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир» деган қўшимча мавжуд. Мажбурий меҳнат ҳам тақиқланган, бироқ «суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари».

Бундай талқин таянч ҳуқуқларни истаганча чеклаш имконини беради, чунки чеклашлар қонун билан тасдиқланса, конституция талабларига мос тушаверади. Масалан, фуқароларни тоифаларга бўладиган ва уларга туғилган ҳудудидан келиб чиққан ҳолда турли ҳуқуқлар берадиган прописка институти қонун билан тасдиқланган (дарвоқе, бу қонун ҳали ҳам амалда), демак у конституцияга мувофиқ, гарчи Конституциянинг 18-моддасига яққол зид бўлса ҳам.

Таянч ҳуқуқларнинг чекланиш шартлари (масалан, қонуний кучга кирган суд ҳукмини ўташ даврида ёки фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш) Бош қомус матнига киритилиши керак — дунёнинг кўплаб мамлакатлари (масалан, АҚШ, Германия, Швеция, Россия) конституцияларида шундай қилинган.

Конституцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимияти тизими ҳокимиятларнинг бўлиниши принципига асосланади. Қадимги Рим Республикасида асос солинган ва француз маърифатпарварлари томонидан ривожлантирилган ҳокимиятларнинг бўлиниш принципига кўра, давлат ҳокимияти бир-биридан мустақил ва бир-бирини тийиб турувчи бўғинлар орасида тақсимланади ҳамда ҳеч бир бўғин ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги учун чоралар кўрилади.

Республика даражасида қонун чиқарувчи ҳокимиятни парламент (Олий Мажлис), ижро этувчи ҳокимиятни эса Вазирлар Маҳкамаси амалга оширса, вилоят даражасида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимиятни бир шахс — ҳоким бошқаради, у ўзи ҳисоб бериши керак бўлган халқ депутатлари кенгашларига раҳбарлик қилади ва худди шу депутатлар уни бир овоздан Сенатга — қонунчилик органи юқори палатасига сайлашади.

Бундай ҳолат ҳокимиятнинг бўлиниш принципига қанчалик мос келади? Бу каби ҳолатлар ваколатларнинг бирлашиб кетиши ва манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармайдими?

Ҳокимият ваколатлари аниқ-тиниқ ажратилмаган тақдирда нималарга олиб келиш мумкинлигини кўплаб мисолларда кўришимиз мумкин. Андижон вилояти ҳокимига тегишли аудиоёзув билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирар экан, депутат Расул Кушербаев: «Бир шахсда ваколатларнинг ҳаддан ортиқ кўп бўлиши атрофдагиларга қимматга тушадиган хатоларга сабаб бўлади», — деб ёзган эди.

Депутат аслида ҳокимиятлар бўлиниши назарияси асосчиларидан бири Монтескъё бир неча асрлар илгари ёзган сўзларни такрорлади: «Агар қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар бир шахс ёки муассасада бирлашган бўлса, у ҳолда эркинлик бўлмайди, чунки бу монарх ёки сенат мустабид қонунлар қабул қилиши ва уларни зулм билан қўллашни бошлаши хавотири мавжуд».

Кўп сонли суиистеъмол ҳолатлари: сўкиш, калтаклаш, тарихий ва шахсий объектларни бузиш, «вақт машинаси» билан тажрибалар, ташкил этилиши ва натижалари саволларни келтириб чиқараётган тендерлар — буларнинг ҳаммаси буюк файласуф ва ҳуқуқшунос айтган сўзларни тасдиқламаяптими?

Президент, Сенат раҳбари, ҳукмрон ЎзЛиДеП партияси раиси ҳудудлар даражасида ҳокимиятлар бўлиниши зарурлиги ҳақида гапирган эди.

Давлат раҳбари ваъда қилганидек, маҳаллий аҳоли томонидан сайланадиган, кенгашлар олдида ҳисоб берувчи ҳокимлар ҳамда бу ҳокимлар қонунларни бузса, фақат президентга шикоят қилиш билан чекланиб қолмасдан, уларни ваколатларидан маҳрум эта оладиган маҳаллий кегашлар — бундай ҳолат Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципига ҳам, ҳокимиятнинг бўлиниши принципига ҳам мувофиқ келади. Парламентнинг юқори палатасига ҳам маҳаллий кенгашлар депутатлари орасидан вакиллар сайланиши керак, ҳокимлар эмас.

Ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тамойили ҳам ҳокимиятнинг бўлиниши принципини тўлиқ амалга оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бундай тизимда ҳокимиятнинг ҳар бир бўғини бир вақтнинг ўзида бир бўғин учун тийиб туриш ва бошқа бири учун посанги (ҳимоя) вазифасини ўтовчи қонуний ваколатга (ҳаракат қилиш ҳуқуқига) эга бўлади, бу эса ҳокимиятнинг барча бўғинлари мувозанати ва бир-бирини назорат қилишини таъминлайди.

Мисол учун, давлат раҳбарининг Конституцияда мустаҳкамланган парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқи парламент учун тийиб туриш, давлат раҳбари учун эса посанги вазифасини бажаради. Мувозанат таъминланиши учун парламент тизими ҳам давлат раҳбари учун тийиб туриш, парламент учун посанги сифатида хизмат қилувчи қонуний ваколатга (масалан, ишончсизлик вотуми ёки импичмент эълон қилиш ҳуқуқига) эга бўлиши керак. Шунингдек, ҳокимият алмашинувининг қомусий асослари конституцион қадрият сифатида кучайтирилиши керак: татқиқотчиларнинг қайд этишича, мазкур жараён ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий тараққиёт учун муҳим ҳисобланади.

Ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари ва прокуратурадан мустақил ва бетараф бўлган ҳамда фақат қонунлар асосида қарорлар қабул қиладиган суд тизими ҳам демократик жамият учун муҳим — суд ҳокимиятини ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари ва прокуратурага қарам қилиб қўювчи механизмларни йўқ қилиш зарур.

Конституция мамлакатнинг Асосий қонуни бўлиб, ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат унда белгиланган норма ва тамойилларга зид бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, Конституция самарали ишлашининг яна бир муҳим шарти — барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини доимий назорат қилиб бориш ва улардаги Конституцияга зид деб топилган ҳар қандай қоидаларини бекор қилишдир. Ҳар қандай масала бўйича, хоҳ хусусий мулкни тортиб олиш, хоҳ турли тоифадаги абитуриентлар учун кенг имтиёзлар бериш ёки ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқини бекор қилиш бўлсин — Конституцияга мос келиши ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида аниқ асосланган хулосалар бўлиши керак ва бунинг учун Конституциявий суд, балки, ҳозиргидан кўра фаолроқ ишлаши керак бўлади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.