Ижтимоий тармоқларда 1869 йилда Марғилонда қурилган қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди (360 градусда кўриниши) бузиб ташлангани маълум қилинди. Бу ҳақда журналист Эльмира Тухватуллина Facebook`да ёзиб қолдирди. Маданий мерос агентлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, тамирлаш ишлари 2021 йил июнь ойида бошланган, июль ойида эса масжиднинг тарихий қисми жойлашган айвон ечиб олинган.

Таъкидланишича, гид Жамил Қосимов Англиядан келган туристларни бетакрор устунлар ва нақшиндор шифтни кўрсатиш учун олиб борган, бироқ масжид бузилиб, унинг ўрнида қурилиш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлишган.

«Ушбу масжид 1869 йилда қурилган, у ҳақда кўплаб саёҳат журналларида ёзилган ва суратлари эълон қилинган. Пандемияга қадар бўлган даврда экскурсиялар уюштирилган жой энди йўқ, бетакрор устунлар ва нақшиндор шифтлар эса бузиб ташланган ва кераксиз буюмдек чанг босиб ётибди», — дейилади хабарда.

Жамил Қосимовнинг сўзларига кўра, унинг ўрнида ҳозирда ғиштдан янги масжид қуришмоқда, таъмирлаш ишларини олиб бораётганлар эса тарихий устунлар ва шифтларни айвон ўрнига қайта ўрнатишларини айтган.

Гид 2019 йилда туристларни масжидга олиб борган вақтида туширилган суратларни ва унинг ҳозирги аҳволи тасвирланган видеони эълон қилди.

Фото: Жамил Қосимов.

Қайд этилишича, англиялик туристлар: «мазкур объектни сайёҳлар учун жозибадор қилиб турган бу каби гўзалликни қандай қилиб йўқ қилиш мумкин? Янги барибир янги-ку», — дея муносабат билдиришган.

Биргина Буюк Британиянинг ўзида 50 йил аввалги бинони таъмирлаш ёки реставрация қилиш учун ҳам кўплаб комиссияларнинг рухсатини олишга тўғри келиши қўшимча қилинган.

Журналист Эльмира Тухватуллина: «Нима учун бизда тарихий иншоотларни бузиб ташлаш тўғрисида осонгина қарор қабул қилинади?» дея савол билан юзланган.

Хўжа Порсо жоме масжидининг олдинги ҳолати. Фото: Жамил Қосимов.

Масжиднинг ҳозирги таъмирлаш ишлари давом этаётган ҳолати. Фото: Жамил Қосимов.

Фото: Жамил Қосимов.

Журналист шунингдек, Шахрисабз, Самарқанддаги воқеаларни, қолаверса, Қорақалпоғистондаги етти гумбаздан иборат Шамун-Наби (17−18 асрда бунёд этилган) мавзолейини бузиб, унинг замонавий тарзда таъмирлаб қўйишганини эсга олган.

Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарорига асосан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

Фото: Жамил Қосимов.

Маданий мерос агентлигининг изоҳ беришича, Хўжа Порсо жоме масжидига ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида масжид ҳудудига қўшимча бино иншоотларини қуриш бўйича таклиф тайёрланган ва 2020 йилнинг 23 ноябрида агентгик (ўша вақтда департамент) ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқуллаган.

Илмий-эксперт кенгашининг хулосасида шунингдек, маданий мерос объекти бўлган эски масжид биносини таъмирлаш шарти билан рухсат берилгани қайд этилган.

«Хулосадан сўнг, масжиднинг тарихий қисми малакали реставратор томонидан маркирофка (рақамланиб) ечиб олинган. Ҳозирда масжиднинг тарихий айвон қисмини қайта тиклаш ишлари бошланган», — дейилади агентлик хабарида.


Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров масжиднинг янги лойиҳаси билан танишмоқда.

Маданий мерос агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, маданий мерос объектининг тарихий қисми ечиб олинган бино бир неча жойидан ёрилгани аниқланган ва бу борада Қурилиш соҳасида назорат ҳудудий инспекцияси хулосаси ҳам олинган.

«Шифт ва устунларга зарар етказмаган холда рақамланиб олиб қўйилган, ёғингарчилик ва тагидан зах ўтмаслиги чоралари кўрилган», — деди Алишер Хусанов.

Фото: Маданий мерос агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси.