2019 йил 27 декабрь куни «Facebook» ва «Telegram» ижтимоий тармоқларида «Мингбулоқ туман ҳокими фермерларни сўкиб ташлади» мавзусида тарқатилган аудиоёзувдаги ҳолатлар юзасидан Наманган вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Аниқланишича, 9 декабрь куни соат 10−00да Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод м.ф.й. ҳудудидаги «Гигант» муқобил машина трактор парки саройида Мингбулоқ туман ҳокими вазифасини бажарувчи Нуршод Худойбердиев раҳбарлигида техника ва кузги-қишки агротехник тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда тумандаги «Гигант», «Гулистон», «Гулбоғ-1» ММТП ҳудудлари раислари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилиш давомида туман ҳокими вазифасини бажарувчи Нуршод Худойбердиев «Гулистон дача» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси М.Халилов ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарларини қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирламаётгани, сусткашликка йўл кўйиб келаётганлари хусусида танбеҳ бериб, сўнг ҳақорат қилгани ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлиги аниқланган.

Текшириш натижасига кўра, Наманган вилоят прокуратураси томонидан Нуршод Худойбердиевга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий ҳуқубузарликка доир иш қўзгатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, маъмурий чора қўллаш учун тўпланган ҳужжатлар Мингбулоқ тумани маъмурий судига юборилган.

Мингбулоқ тумани маъмурий судининг 10 январдаги қарорига кўра, Нуршод Худойбердиев МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахс деб топилиб, унга нисбатан қайд этилган модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида, яъни 4 млн. 460 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Нуршод Худойбердиев бу иши учун кечирим сўраган ва вилоят ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирил эди.