Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли яна бир аудиоёзув тарқалди. Ҳоким овозидан англаш мумкинки, у тадбиркорлар билан йиғилиш ўтказган ва унда Савдо саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ҳам иштирок этган. Аудиоёзувда Абдураҳмонов тадбиркорларни «шакал» деб атаган.

«У (Адҳам Икромов — таҳр.) тушунтираяпти, ундай бўлади, бундай бўлади. Ишинглар бўлса мана номер, 1100 га мурожаат қилаверасизлар. У мисоллар келтириб, тушунтираяпти. Борми мурожаат қиладиганлар деса, учтаси қўл кўтараяпти. Кейин меники қўзиб кетади-ку: „Тур ўрнингдан, нима мурожаатинг бор“, дедим. „Ҳа энди“, деганди, „Айт энди, ҳа эндиламасдан“, дедим. У тушунмай қўлини кўтарворди-да. „Айтасан, Андижон шаҳардаги шакал“ дедим. Айтасан десам, бекитаяпти», — дейди вилоят раҳбари.

Ҳоким тадбиркор билмасдан қўлини кўтариб юборган ёки ростдан ҳам мурожаати бўлган, дея таъкидлади.

«Эшитвол „ҳаммаси [мурожаат] бош вазирга борган билан, менга келади“, деяпман. „У ёқ орқали келса, кўтингга тепаман“, дедим. Ё қизияптими, дедим. „Йўқ, йўқ, тушунмай қўл кўтарворипман“ деди. Иккита сассиқ гапинг билан бир нарса ўзгариб қолмайди-ку», — дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Шунингдек, аудиода ҳоким тадбиркорларга қарата, — «Сенларни одам туққанми, ё ит туққанми?, Э семирмай ўл, тўнғиз», — деган.

«Газете.uz» Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғлана олмади.

Бир неча кун аввал, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли бошқа бир аудиоёзув ҳам тарқалганди. Унда ҳоким Марҳамат туманида уч нафар аёлни «президент вакилига сассиқ гапиргани» учун қамаб қўйганини айтади. Бундан ташқари, журналистларга қарата, — «Агар қитиғимга тегсанг, мен қўйвораман», — деган. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу аудиоёзув икки йил олдин ёзилганлигини таъкидлаганди.

Ушбу аудиоёзув тарқалиши билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз муносабатини билдирганди.

«Кўплаб амалдорларнинг қўпол муомиласи ва қонунларга «тупуриб қўйиб» феодал замон каби кимни истаса ўшани «15 суткага» қаматиб юбориш принципи яқин тарихда пайдо бўлиб қолган бошқарув услуби эмас. Мен буни Ленин инқилобидаги «ҳокимият, бошқарувни деҳқон ва юпунларга бер», деган сиёсатнинг оқибати, деб биламан… Андижон ҳокими масаласида эса ҳоким буни қачон айтгани муҳиммас, муҳими у Ленин сабаб бошланган «бошқарув мактаби»нинг содиқ вориси бўлиб, вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги», — дейилади депутат муносабатида.

«Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнат ва бошқаларга қарши курашиб, дунёга юз тутиб бораётган бир вақтда қанчалар ҳунук ва шармандали ҳолат: ҳеч бўлмаса демократия ҳурмати учун ҳам ҳоким жаноблари Андижоннинг «ҳокими мутлақ» эканлигини билдириб, мақтанмаса бўлардику. Биз шундоқ ҳам биламиз: сизлар «зўр"сизлар!», — деган Расул Кушербаев.