Жорий йилда Жиззах вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан умумий қиймати 290 млрд сўмдан ортиқ бўлган йирик давлат буюртмаларини асосчилари ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акрам Бахритдинович Раҳмонқуловга алоқадор бўлган компаниялар қўлга киритган бўлиши мумкин. Бунинг тасдиғи давлат харидлари порталида акс этган. Ушбу ҳолатга блогер Davletov.uz эътибор қаратди.

Qurilish Ta’minoti



Манба: Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри, давлат харидлари веб-сайтлари.

«Газета.uz» ҳисоб-китобларига кўра, Qurilish Ta’minoti 82,5 млрд сўмлик давлат харидларини қўлга киритган. Қуйидаги лотдаги лойиҳаларда келтирилган миқдорлар баъзан буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги шартномада кўрсатилган суммадан фарқ қилиши мумкин. Шунинг учун буюртмаларнинг умумий миқдори бироз фарқ қилиши мумкин, чунки айрим якуний шартномалар давлат харидлари сайтидан ўчириб ташланган.

Qurilish Ta’minoti 2000 йилда рўйхатдан ўтказилган, унинг ягона таъсисчиси Шуҳратжон Акрамович Бахриддинов (тахминанларга кўра, Акрам Раҳмонқуловнинг ўғли) ҳисобланади. У, шунингдек, 2018 йилдан бери офис ва дўкон мебелларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Zenatkor Fabrika Mebellari (100%) хусусий корхонаси ва 1997 йилдан буён нотурар биноларни қуриш билан шуғулланувчи Камол ХКнинг (100%) асосчиси ҳисобланади.

Ҳокимият сайтидаги маълумотларга кўра, вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқулов Камол ХК директори ўринбосари ва директори (1998−2010 йй.) сифатида ишлаган. У шунингдек, «Ягона буюртмачи хизмати» ИКнинг (2010−2012 йй.) директори, Жиззах вилояти давлат архитектура-қурилиш инспекцияси бошлиғи (2012−2016 йй.), вилоят ҳокими ўринбосари (2016−2017 йй.), Жиззах шаҳар ҳокими (2017−2018 йй.) вазифасида ишлаган ва шундан сўнг вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига қайтган.

J-Quruvchi


J-Quruvchi компания 1998 йил июль ойида нотурар бинолар қурилиши билан шуғулланувчи сифатида рўйхатдан ўтган, у қарийб 146 млрд сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган. Акбар Бахриддинович Раҳмонкулов (тахминларга кўра, ҳоким ўринбосари қариндоши) компаниянинг ягона таъсисчиси, раҳбари — Алишер Раҳмонқулов ҳисобланади.

Бундан ташқари, Акбар Раҳмонқулов 2002 йилдан буён бетон буюмлари қурилиши билан шуғулланадиган Zenatkor Temir Beton Buyumlari компанияси улушига эга (100%), раҳбари — Адҳам Раҳмонқулов, шунингдек, 2019 йилдан бери данакли мевалар ва кунгабоқар етиштириш билан шуғулланувчи Qo’nish Bobo Maxsus Bog’lari`да ҳам ўз улушига эга (100%), раҳбари — Дилфуза Умматова.

Ўз навбатида, Алишер Раҳмонқулов Jizzax Savdo Lyuks (нотурар-жой биноларни ижарага олиш ва бошқариш) компанияси ва Ravon Yo’l Invest (тошни кесиш, қайта ишлаш ва безаш) таъсисчиси ҳисобланади.

Abduvohid Qurilish Ta’mir



Abduvohid Qurilish Ta’mir (нотурар биноларни қуриш) компанияси 2015 йилнинг август ойида рўйхатдан ўтган. У 63,1 млрд сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган. Унинг ягона таъсисчиси сифатида Ихтиёр Бахтиёрович Тошпулатов қайд этилган. Davletov.uz маълумотларига қараганда, у Раҳмонқулов билан она томондан қариндош бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, J-Quruvchi ва Abduvohid Qurilish Ta’mir ҳарбий қисмнинг транспорт парки биносини реконструкция қилиш бўйича 21,3 млрд сўмлик тендерда биргаликда иштирок этган. Акрам Раҳмонқулов тендер комиссияси раиси бўлган.

Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, «ҳокимият тендер комиссияси ишига аралашмайди». Таҳририят Акрам Раҳмонқуловнинг шахсан ўзи билан боғлана олмади. «Газета.uz» шунингдек, КТЯДР рўйхатида келтирилган компанияларга ҳам қўнғироқ қилиб туша олмади.

Аввалроқ, «Газета.uz» ноябрда Жиззах шаҳри кўчаларини кўркамлаштириш бўйича 1,9 млрд сўмлик давлат буюртмасини My Flower МЧЖ ютгани ҳақида ёзган эди. Мазкур компания вилоят ҳокимининг Эргаш Солиевнинг қизи — Солиева Наргиза Эргашевнага тегишли.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жиззах вилоятида таъсисчилари орасида вилоят ҳокимининг қизи ҳам бўлган компания кўчаларни кўкаламзорлаштириш бўйича иккита танловда ғолиб чиққани билан боғлиқ ҳолатни ўрганишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, Андижон вилоятида «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбарига тааллуқли компания 20 млрд сўмлик давлат буюртмаларини қабул қилган.