8 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президентнинг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони лойиҳасини таҳлил қилишда давом этамиз. Аввалги мақоламизда биз бир-биридан фарқ қиладиган ҳар хил компетенцияларни баҳолайдиган турли тест тизимларининг мавжудлиги таълим тизимини издан чиқариши, миллий ўқув дастурида белгиланган мақсадларни йўққа чиқариши мумкинлиги ҳақида сўз юритган эдик. Мазкур мақолада лойиҳадаги айрим, бизнинг назаримизда, баҳсталаб таклифларни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Ҳокимликлар чангалига қайтиб

Ҳужжатнинг 14-бандида умумтаълим муассасалари директорларини тайинлаш ёки лавозимидан четлаштириш, шунингдек, уларга нисбатан интизомий чоралар қоʼллашда маҳаллий кенгашларнинг розилигини олиш тартибини белгилаш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, улар ҳар йили ўз фаолияти натижалари тўғрисида кенгашга ҳисобот беришлари зарур бўлади.

Лойиҳанинг 15-бандига кўра, ҳудудий халқ таълими бошқармалари раҳбарлари тегишли ҳудуд ҳокимларининг маслаҳатчилари ҳисобланади.

Умид қиламанки, таълим тизимининг маҳаллий ҳокимликларга бўйсуниши қандай фожиали оқибатларга олиб келганини унутиб қўймаганмиз. Ўша пайт биз таълим тизимини — ҳудудий таълимни бошқариш идоралари ва таълим муассасаларини маҳаллий ижро ҳокимияти органларидан ажратиш кераклиги, таълим муассасаларининг тегишли вазирликка вертикал бўйсунишини жорий этиш зарурлиги тўғрисида ўз фикримизни баён қилиб ўтган эдик. Ўшанда мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов Халқ таълими вазирлигининг янги раҳбариятини таништирар экан, мактабларнинг маҳаллий ҳокимликларга бўйсунишини бекор қилишни буюрган эди.

Таълим тўғрисидаги янги қонунда таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарлик қилиш тегишли вазирликлар (МТВ, ХТВ, ОЎМТВ) ваколатига киритилган бўлиб, маҳаллий ҳокимликларга асосан таълим муассасалари фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратиш топширилган. Президентнинг махсус фармони билан ўқитувчиларни ўз вазифа ва мажбуриятларидан ташқари турли ишларга жалб қилиш тақиқланган.

Шунга қарамай, гарчи аввалгидек кенг миқёсда бўлмасада, ўқитувчилар барибир мажбурий ишларга жалб қилинаётганлиги тўғрисида ҳанузгача хабарлар келмоқда, ХТВ бундай ҳолатларга йўл қўйиш мумкин эмаслигини эслатиб, ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Вазир Шерзод Шерматовнинг ўзи ҳокимликларни таълим сифатини ошириш учун шароит яратишга фойдаси тегмаса, ҳеч бўлмаганда халақит бермасликка чақирди.

Афтидан, энди биз таълим тизимини ҳокимликлар қўл остига қайтариб, яқин ўтмишдаги хатони такрорламоқчимиз.

Эътирозлар бўлиши мумкин: маҳаллий кенгашлар — халқ сайлаган вакиллар мактаб ишларига аралашса, бунинг нимаси ёмон? Мавжуд вазиятга тўғри баҳо берайлик. Ҳокимлар кенгаш раиси бўлган ва конституцияда белгиланган ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига зид равишда ҳатто парламентнинг юқори палатаси бўлмиш Сенатга «сайланаётган» ҳозирги тизимда кенгашлар моҳиятан ҳоким қарорларини расмийлаштиришга хизмат қилади, холос. Уларнинг қўлидан ҳоким жуда ҳам чегарадан чиққан ҳолатларда президентга шикоят қилишдан бошқа иш келиши даргумон.

Директорлар номзодларини кенгаш тасдиқлаши, аслида уларни ҳокимлар тасдиқлашини англатади, таълим идоралари раҳбарлари учун «ҳоким маслаҳатчиси» мақоми эса ҳокимлар уларга ўзларига бўйсунувчилар сифатида қарашларига олиб келади. Бировларни омма олдида ҳақорат қиладиган, қўл кўтарадиган, коъзбўямачилик билан шуғулланадиган, мактаб майдонларини тадбиркорларга бериб юборадиган, барча қилмишлари учун аксар ҳолларда «узр» билан қутулиб қоладиган ҳокимларни таълимга яқин йўлатмаслик керак. Шунда таълим тизимидагилар учун ҳам, ҳокимларнинг ўзи учун ҳам тинчроқ бўлади.

Ўрни келганда айтиш жоиз, ҳужжатни муҳокама қилишда иштирок этган кўплаб ватандошларимиз ҳам таклиф қилинаётган ўзгаришлар ҳудудий таълим бошқарув идоралари ва таълим муассасалари раҳбарларини ҳокимларга тўлиқ қарам қилиб қўяди деб ҳисоблашмоқда.

Балки яқин келажакда (ким билсин!) кенгашлар ҳокимлардан чинакамига мустақил бўлиб, тегишли ҳудуд аҳолиси манфаатларини қоғозда эмас, амалда ҳимоя қила оладиган даражага етса, таълим раҳбарларининг кенгашга ҳисобот бериш ғояси ижобий натижа берар.

Ҳозирча эса таълим муассасаларининг тегишли вазирликларга вертикал равишда бўйсунишини сақлаб қолиш лозим, соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини эса вазирликда ҳам эшитилиш мумкин: замонавий дунёда буни масофадан туриб ҳам ташкил этиш имкони йўқ эмас.

Баҳонинг баҳодан фарқи бор

Яна бир қизиқарли, аммо жуда зиддиятли масала 11-бандда қайд этилган университетга киришда ўқувчининг сўнгги 6 йил ичида тўплаган ўртача баҳосини ҳисобга олиш таклифидир.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов таклиф қилинаётган ўзгаришга изоҳ берар экан, бу мактаб баҳоларига бўлган эътиборни ошириб, ўқувчини мактабда яхши ўқишга ундашини таъкидлади. «Бола 11 йил мактабда ўқийди, аммо бир кун ичида унинг тақдири ҳал қилинади. Балки ўша куни унинг иссиғи чиққандир?» — деди вазир ва унинг гапида жон борлигини тан олиш керак. Мактабларда баҳоларни яхшилаш учун коррупцияга йўл қўйилиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, у электрон кундалик тизимининг жорий этилиши баҳоларни ўзгартиришнинг олдини олишга ёрдам беришини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, бола тест куни ўзини ёмон ҳис қилиши ёки унга боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар кириш имтиҳонларида ўз билимларини кўрсатишига халақит бериши мумкин. Тестлар тўғрисидаги фанга — тестологияга мурожаат қиладиган бўлсак, бундай ҳолатлар фанда инобатган олинган. Тестологияда «ўлчов хатолиги» деган тушунча мавжуд бўлиб, унга кўра, ҳар қандай тестда ўлчов хатолиги мавжуд, яъни тест синовдан ўтказилаётган кишининг ҳақиқий билимларини 100 фоиз аниқлик билан кўрсатиб бера олмайди.

Тест ишлаб чиқувчиларнинг вазифаси ушбу хатоликни минималлаштиришдан иборат. Ўлчаш хатолигидан буткул қутулиш имконсиз. Шунинг учун ҳам тест ўтказувчи ташкилотлар мазкур хатолик қийматини ўз ҳисоботларида кўрсатиб ўтадиларки, тест натижалари асосида қарор қабул қилишда уни инобатга олиш имкони бўлсин. ДТМнинг тестларни ўтказишдаги ёндашуви ўлчов хатолигининг қийматини ҳисоблашга имкон бермайди. Демак, ушбу ёндашувни ўзгартириш зарур.

Яна бир ҳолат. Педагогикада баҳолашнинг икки тури мавжуд: форматив ва сумматив. Форматив баҳо ўқувчининг кучли ва заиф томонлари ҳақида маълумот бериши ва ўқувчига ҳам, ўқитувчига ҳам кейинги қадамларини режалаштириш учун имкон бериши лозим. Форматив баҳолаш, одатда, субъектив бўлиб, бирор ўқитувчи томонидан берилган баҳо бошқа ўқитувчи қўйган баҳодан фарқ қилиши мумкин. Ахир, ўқитувчилар ҳам одам, улар ҳам бирор кимга кўпроқ ён босишлари мумкин.

Сумматив баҳоларни эса ўзаро солиштириб бўлади. Ўқитувчининг тарафкашлигидан холи равишда, бир мактабда А ўқувчига қўйилган уч баҳо бошқа мактабдаги Б ўқувчига қўйилган уч баҳо билан бир хил билим даражасини англатиши даркор. Бунинг учун маълум шартларнинг бажарилиши талаб этилади: бир хил баҳолаш мезонларидан фойдаланиш, барчанинг уларни бирдек талқин этиши, «сўқирчасига баҳолаш» (текширувчи кимнинг ишини баҳолаётганини билмайди) ва ҳоказо.

Сумматив баҳо форматив баҳоларнинг ўртача қийматига тенг бўла олмайди. Улар бутунлай ҳар хил баҳолаш тури бўлиб, ҳар бирининг ўз вазифаси мавжуд.

Муҳим қарорларни қабул қилишда (масалан, ОТМларга қабул жараёнида) айнан сумматив баҳони ҳисобга олиш зарур. Бироқ бизнинг мактабларда қўлланиладиган баҳолаш тизими форматив ва сумматив баҳолашни бир-биридан фарқламайди. Натижада, на биринчисига, на иккинчисига қўйиладиган талаблар ҳисобга олинмайди.

Университетга киришда ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичини ҳисобга олиш ўқув жараёнини баҳо ортидан доимий қувишга айлантириб қўяди ва натижада, баҳолаш турларининг ҳеч бири — на форматив, на сумматив баҳолаш — ўз вазифасини бажармайди.

Дарслик, дарслик ва яна дарслик

Эътиборга молик яна бир жиҳат Республика таълим марказига (РТМ) дарсликлар муаллифларини танлаш, шунингдек, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг оригинал макетларини яратиш вазифасининг юкланиши (4-банд).

РТМ бир вақтнинг ўзида дарсликларни ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш билан шуғулланиши сифатли муқобил дарсликларнинг яратилишига имкон бермаслигини айтиб ўтган эдик. Тан олиш керак, жорий йил тўлиқ янгиланган информатика, тарбия ёки она (ўзбек) тили каби фанлар дарсликлари бир қарашда ижобий таассурот қолдиради. Сабаби — мавзулар қизиқарли тарзда очиб берилган, иллюстрация ва инфографикадан ўз ўрнида фойдаланилган ҳамда ўқувчининг билим олиш фаолиятини рағбатлантирувчи топшириқлар ишлаб чиқилган.

Аммо бу дегани сифатли дарсликларни яратишнинг барқарор тизими яратилди дегани эмас. РТМ муаллифларни танлаш ва дарсликлар яратиш билан шуғулланар экан, дарсликларнинг сифати марказ раҳбариятининг қарашларига, нимани устун қўйишига боғлиқ бўлиб қолади. Сифатни ҳар нарсадан устун қўйиб, «таниш-билиш» ва бошқа манфаатлар бир четга суриб қўйилса, эҳтимол, юқори сифатли дарсликлар ишлаб чиқилар. Бироқ ҳеч нима абадий эмас — раҳбарлар ўзгарса, ёндашув ҳам бошқача бўлади.

Шунинг учун дарсликларни яратиш ва нашр этишда бозор механизмлари ишлаши зарур: дарсликни ноширларнинг ўзи ишлаб чиқади, РТМ эса уларни вазирлик ваколат берган орган сифатида холислик билан, олдиндан эълон қилинган мезонларга мувофиқ баҳолайди ва улардан ўқув жараёнида фойдаланишга рухсат беради. Қайси нашриёт ва муаллиф дарслигини ишлатиш эса мактаб жамоасининг ихтиёрида қолади.

Бундай вазиятда тизим шахсларга боғлиқ бўлмайди: дарсликларни яратиш ва нашр этишга сармоя киритувчи ноширлар истеъмолчи учун рақобатлашиб, доимий равишда сифатни таъминлашга мажбур бўлишади. Бундан ташқари, мазкур ёндашув янги кучли муаллифлар, услубчилар ва дизайнерларнинг пайдо бўлишига ҳамда ўқув адабиётлари саноатининг шаклланишига туртки беради. Ўқитувчиларга танлов имконияти берилиб, улар ўз ўқувчиларига мос дарсликларни танлашлари мумкин бўлади.

Бошқа таклифлар

Мақола сўнгида қарор лойиҳасидаги бошқа айрим таклифларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

  • «Таянч ўқув режасини такомиллаштириш ва умумий ҳафталик ўқув юкламасини камайтириш ҳамда ўзаро узвий боғлиқ фанларни бирлаштириш ҳисобига уларнинг сонини оптималлаштириш» (3-«а» банд). Бошқа мамлакатлар билан солиштирганда биздаги мактабларда ўқувчиларнинг ўқув юкламалари катталигини ҳисобга олсак, оптималлаштириш зарурий қадам эканлигини кўриш мумкин. Аммо мактаб ўқувчиларининг ўқув юкламаларини камайтириш билан бир қаторда, ўқитувчиларнинг бир ставка учун ўтишлари лозим бўлган дарс соатлари миқдорини ҳам мутаносиб равишда қисқартириш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш зарур. Бу таълим сифатини яхшилашга ёрдам беради ва ўқитувчилар даромадларининг қисқариши оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган ижтимоий зиддиятларнинг олдини олишга имкон беради.
  • «Ўқувчиларнинг фан бўйича эгаллаган билимлари билан бир қаторда саводхонлик, компетенция ҳамда шахсий сифатларини баҳолаш тизимини жорий этиш» (3-«а» банд). Таълим тизими ўқувчиларнинг шахсини ҳурмат қилиши керак. Баҳолаш тизими уларнинг шахсий сифатларини ҳисобга олиши мумкин эмас. Акс ҳолда, ўқитувчиларда бир ўқувчини ўз мустақил фикри борлиги учун, бошқасини сал чиройлироқ кийингани учун, яна бирини эса қизиққон характери учун баҳоларини атайлаб тушириш ваколати пайдо бўлади. Бундан ташқари, ўқувчининг шахсий сифатларини ҳисобга олиш баҳоларнинг ўта субъективлигига олиб келади ва турли ўқитувчилар томонидан қўйилган баҳолар бир-биридан тубдан фарқ қилади.
  • «Педагог ходимларга малака тоифаларини бериш, шунингдек талабгорларни аттестациядан ўтказишда мутахассислик ёки ихтисосликларига мос келадиган фанлардан имтиҳонлар ташкил қилинади» (7-банд). Ўқитувчи учун фанни билиш билан бир қаторда, педагогик маҳоратга эга бўлиш ҳам муҳим роль ўйнайди. Агар ўқитувчи ўз фанини мукаммал билсаю, ўқувчилар билан ишлашни, ўқув фаолиятини тўғри ташкил этишни билмаса, ўқувчига унинг билимидан ҳеч қандай фойда келмайди. Шу сабабли, кўплаб мамлакатларда ўқитувчиларни лицензиялаш ва аттестациядан ўтказишда нафақат фан бўйича билимлари, балки ўз фаолиятидапедагогика, таълим психологияси ва методикаси соҳасидаги билимларини қўллаш қобилияти ҳам ҳисобга олинади.
  • «Олий таълим ташкилотларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингларида муносиб ўрин эгаллашларини таъминлаш мақсадида … миллий рейтингда сўнгги 5 йил давомида доимий равишда биринчи 3 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларига академик ва молиявий мустақиллик бериш» (20-банд). Давлат ОТМлари қандай бошқарилаётганини ҳисобга олсак, олий ўқув юртларини Олий таълим вазирлигининг «исканжасидан» озод қилмай туриб, таълим жараёни ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш имконсиз. Quacquarelli Symonds, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтингларини таҳлил қилсангиз, уларда доимий равишда юқори ўринларни эгаллаган университетларда олий таълим вазирлиги ёки шунга ўхшаш тузилмалар «бўйинтуруғи» йўқлигининг гувоҳ бўласиз. Таълим сифати бўйича халқаро эксперт Бастиан Бауманн «Газета.uz»га берган интервьюсида таъкидлаганидек, университетлар ўртасида рақобатни йўлга қўйиш учун улар кўпроқ эркинликка эга бўлиши ва давлат томонидан ўрнатилган ўрнатилган талаблар ОТМларни ўта тор рамкаларга солиб қўймаслиги лозим. Барча ОТМларга академик ва молиявий эркинлик берилмас экан, на рақобат ва на сифатни таъминлаш имконсиз, бусиз эса рейтингларда муносиб ўринни эгаллаб ҳам бўлмайди.

Лойиҳа муҳокамаси чоғида билдирилган ўринли таклифлар якуний ҳужжатда ҳисобга олинади деган умиддамиз. Зеро, таълим соҳасидаги ҳар қандай ислоҳот ва ўзгаришлар пухта ўйланган, оқилона ёндашувни талаб этади.

P. S. Фармон лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси 8 ноябргача белгиланлигига қарамасдан, бугун, 9 ноябрь куни «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони (ПФ-6108) ҳамда фармон ижросини таъминлаш мақсадида «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорининг (ПҚ-4884) (қарор нусхаси «Газета.uz» таҳририятида мавжуд) имзолангани эълон қилинди.

6 ноябрь куни имзоланган қарор ва унга илова қилинган чора-тадбирлар режасининг тўлиқ матни билан танишар эканмиз, муҳокама жараёнида билдирилган аксар фикрлар инобатга олинмаганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Фақат муҳокама жараёнида кўплаб эътирозларга сабаб бўлган айрим бандлар (хусусан, мактаб директорларини маҳаллий кенгашлар тасдиқлаши ва лавозимидан озод этилиши, ҳудудий таълимни бошқариш органларига ҳоким маслаҳатчиси мақоми берилиши сингари) қарорнинг асосий матнидан олиниб, иловага «яширингани» кўринади. Бу ҳам қизиқ стратегия. Фақат бир савол туғилади: лойиҳалар муҳокама якунланмасдан тасдиқланар экан, муҳокама жараёнида билдирилган фикрлар инобатга олинмас экан, бундай «муҳокама»нинг нима кераги бор?

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Oʻzbek томонидан тақдим этилди.