Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook ижтимоий тармоғида турли вилоятларда ўқитувчиларни сўровнома ўтказишга ва аҳолини рўйхатдан ўтказишга жалб қилиш тўғрисидаги мурожаатларнинг скриншотларини жойлаштирди.

«Юртимизда пандемия. Юртбошимиз ташкилот раҳбарларига деярли ҳар бир селектор йиғилишларида COVID-19 дан эҳтиёт бўлишларини, ўзини ва оила аъзоларини мунтазам эҳтиёт қилиб боришларини такрор ва такрор таъкидлаб келадилар. Хўш, шундай шароитда ҳам Фарғона туманидаги 28-мактаб директори ўқитувчилар ва мураббийларнинг мажбуран маҳаллаларда юриб, ўзларига таълуқли бўлмаган сўровномаларни тўлдиришга чиқариш тўғрими?» — дейилади мурожаатларнинг бирида. Гап «темир», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарлари ҳақида кетмоқда.

«Мен Андижон шаҳриданман. Ҳозир ким тарафидан буюрилган, билмадиму, лекин хонадонларга кириб ҳар бир аъзосини исми, шарифи, паспорт серия рақами, оила аъзолари ҳақида маълумот олиб, ўша оила муаммосини, яшаш шароити ва иш жойини билиш учун уйма-уй юриш кимнинг зиммасида? Бундан нима фойда? Яна ўқитувчилар юрибди», — дейилади яна бир шундай мурожаатда.

Шерзод Шерматов баъзи маҳаллий амалдорлар шу йўл билан ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилишга уриниб, «президент сиёсатига хиёнат қилаётганини» тушунмаётганларидан ҳайратда эканлигини билдирди.

«Президентимиз бу йил биринчи бор „Ўқитувчи ва мураббийлар куни“ байрамида ўзлари чиқиб табрик сўзи билан мурожаат қилдилар. Таълим-тарбия тизимини яхшилаш бўйича Фармон лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ бердилар, кейин яна қўшимча селектор ўтказиб, ҳар бир ҳоким энди камида 30−40 фоиз вақтини мактабга ёрдам беришга қаратсин деб айтдилар ва ҳурматли ҳокимларимиздан бу масалага чин дилдан ёндашишни, кундалик топшириқ сифатида қабул қилмасликни сўрадилар. Куни кеча Фармонга имзо қўйишдан олдин яна бир бор таълимни кўтариш муҳимлигини қатъий таъкидладилар», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг бундай ҳолатларига нафақат президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб давлат раҳбарининг имижини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш керак ва ҳар бир бундай ҳолат бўйича жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур.

«Ҳурматли ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан халқ таълими тизими ходимларини фақат таълим сифати бўйича ишлашларига шароит яратишда ёрдам беришингизни сўраймиз! Ёрдам беришга имкониятингиз бўлмаса, илтимос, жуда бўлмаса халақит қилманг!» — дея таъкидлади Шерзод Шерматов.

«Бундай қўшимча ишларга, адашмасам, Меҳнат вазирлигидаги алоҳида фонддан маблағ олиб жойлардаги ишсизларни жалб қилса бўлади», — дея қўшимча қилди у.