Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий ўқув юртларининг навбатдаги рейтингини эълон қилди.

Ушбу рейтингга 57 та ОТМ ва уларнинг филиаллари киритилган. Тадқиқот февраль-июнь ойларида ўтказилди. Битирувчиларни иш берувчилар томонидан баҳолаши, ОТМнинг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги, талабаларнинг мутахассислик бўйича фанлардан билим даражаси, профессор-ўқитувчиларнинг Web of Science, Scopus ва бошқа халқаро маълумотлар базаларида нашр этилган илмий мақолалар улуши ва уларнинг илмий нашрлардаги иқтибослар сони каби кўрсаткичлар ҳисобга олинган.

Энг яхши ОТМлар ўнталиги:

1. Ўзбекистон миллий университети;

2. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти;

3. Самарқанд давлат университети;

4. Тошкент ахборот технологиялари университети;

5. Тошкент давлат аграр университети;

6. Тошкент темир йўл муҳандислари институти;

7. Тошкент тиббиёт академияси;

8. Тошкент молия институти;

9. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети;

10. Тошкент давлат стоматология институти.

Рейтингда сўнгги ўринларни эгаллаган ўнта ОТМ:

1. Тошкент фармацевтика институти;

2. Самарқанд ветеринария тиббиёт институти;

3. Бухоро муҳандислик технология институти;

4. Андижон машинасозлик институти;

5. Ўзбекистон давлат хореография академияси;

6. Навоий давлат педагогика институти;

7. Жиззах давлат педагогика институти;

8. Гулистон давлат университети;

9. Қўқон давлат педагогика институти;

10. Нукус давлат педагогика институти.

Алоҳида кўрсаткич сифатида ОТМларнинг молиявий мустақиллик даражаси ва қўшимча маблағларни жалб қилиш қобилияти ҳам ҳисобга олинди. Миллий ОТМлар ўртасида 1 нафар профессор-ўқитувчининг илмий-тадқиқот фаолияти натижалари асосида олинган маблағлар улуши бўйича энг юқори кўрсаткични Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети — 42,97 млн сўм қайд этган. Ушбу индикатор бўйича навбатдаги ўринларни Тошкент ахборот технологиялар университети — 33,24 млн сўм, Тошкент педиатрия тиббиёт институти — 24,21 млн сўм, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти — 20,68 млн сўм ва Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти — 20,11 млн сўм маблағ билан банд қилган.

Катталаштириш учун расм устига босинг.

Катталаштириш учун расм устига босинг.