Андижон вилояти Бўстон (Бўз) тумани ҳокими Садбархон Мамитова фермерларга Асака ёғ-мой комбинатига 5 тоннадан соя топширмаса, ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани акс этган аудио тарқалди. Бироқ фермерлар билан соя топшириш бўйича ҳеч қандай шартнома тузилмаган дея, хабар бермоқда Human.uz нашри.

Садбархон Мамитова аудиода фермерларни нимага соя сотмагани ва режани бажармагани учун куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган. Аудиода, шунингдек, бир фермернинг овози эшитилиб, бугун оборишини таъкидлайди. Ҳоким эса унга жавобан нега кеча обормадинг, деган. Ҳоким соя бўлмаса ерингдан умид қилма, дея дағдаға ҳам қилган.

Бундан ташқари, аудиода фермерларнинг етмаганини сотиб оламиз, деган овозини ҳам эшитиш мумкин. Ҳоким эса бунга нисбатан мени қизиқтирмайди қаердан оласан, қачон оласан дея сўзида давом этган.

«Мана биттаси 4 мингдан олиб келдим бир тонна деди. Мен бажараман опа, деди битта фермер. Саккиз минг сўмдан оласанми мени қизиқтирмайди. Беш тоннадан бир кило кам бўлсин! Соя бўлмаса еринг ҳам бўлмайди. Умидингни қилма», - деди Садбар Мамитова.

Садбар Мамитова мазкур аудио юзасидан Кун.уз нашри мухбирига берган интервьюсида коронавирусга чалиниб, икки ҳафта давомида касалхонада ётганини таъкидлаган. Соғайиб чиққач эса, руҳий ҳолати яхши бўлмагани учун стрессда фермерларга қаттиқроқ гапиргани ва талаб қилгани, оғзидан шу гап чиқиб кетганини таъкидлаган. Шунингдек, у даволанган пайтида тумандаги кўп ишлар орқада қолиб кетганини қўшимча қилган.

«Ҳолбуки, ғалламиз, пахтамиз, соямиз бор, уларга тааллуқли режалар бор. Хусусан, ғалла экиш ҳам, ғаллани суғориш ҳам орқада қолган. Баъзида яхшилик билан, қонун йўли билан ҳам гаплашасиз. Баъзида эса қаттиқроқ гапиришга тўғри келиб қолади. Аслида фермерлар билан муносабатим яхши. Бироқ иш қилмаган, режани бажармаган фермерлар анчагина. Тўғри, пахта режасини бажардик, лекин фермерлар пахта ичидаги сояни корчёвка қилиб, юлиб ташлашган. Ҳолбуки, соя ҳосилини териб олиш керак эди. Корчёвка билан чиқариб ташлаб, ер чизиб туришибди соя йўқ деб. Энди ғўзанинг ичидаги соя тоннасини қаердан чиқаришади? Уларга сояни йўқотиб юборманглар, дейилган, лекин юлиб ташлашган экан», — дея изоҳ берган Садбархон Мамитова.

Мазкур воқеа юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Унда, ҳақиқатдан ҳам аудио ёзув Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитовага тегишли экани, тумандаги соя етиштирувчи фермерларнинг соя етиштириш ва уни йиғиб олишдаги масъулиятсизлиги оқибатида туманда соя ҳосилини йиғиштириб олиш ва захира қилиш ишлари бир мунча ортга сурилгани маълум бўлгани таъкидланган. Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокими фермердан нега соя ҳосилини ўз вақтида йиғиб олмасдан, сояни корчёвка қилиб, юлиб ташлашганига изоҳ сўрагани айтилмоқда.

«Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, тарқалган аудио ёзув учун Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитовага вилоят ҳокимлиги томонидан „огоҳлантириш“ берилганлигини маълум қиламиз», — дейилади муносабатда.

Маълумот учун: Туманда 108 та ғалла ва пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига жами 36.5 тонна соя ўсимлиги экиш ва етиштириш (500 гектар очиқ майдонга, 300 гектар ғоза қатор орасига) белгиланган.