Тошкент вилояти ҳокимлиги «ўз фаолиятини самарали амалга ошириш ва ҳудудларда тегишли ишларни ташкил этиш учун» ҳоким ўринбосарларига Chevrolet Malibu ва Tracker автомашиналарини сотиб олди.
Антикоррупция агентлиги Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида давлат харидлари бўйича қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади. Қорақалпоғистон Республикасида 63,6 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича тендерлар қонунга зид равишда эълон қилинган. Бундан ташқари, қатор ҳудудларда 29,5 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича тендерларнинг ғолиби аниқламай туриб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган ёки тугатилган.
Антикоррупция агентлигининг Қашқадарё вилоятида ўтказган ўрганишлари натижасида давлат харидларига оид амалдаги эълонлар бўйича 32 та ҳолатда 10,4 млрд сўмлик иш ва хизматлар ҳали шартномалар тузилмасдан пудратчилар томонидан бошлаб юборилганлиги аниқланди. Эълон муддати ҳали тугамаган баъзи ишлар 100 фоиз бажарилган.
Президент фармони билан Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёнида спорт анжомлари ва делегация формасини, жиҳозларини сотиб олиш бўйича шартномалар, шунингдек спорт базаларини ижарага бериш шартномаларини электрон савдолар ва танловларсиз тўғридан-тўғри тузишга рухсат берилди. Бундан ташқари, эълонларни давлат харидлари порталида жойлаштирмасликка ҳам рухсат берилади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг таъкидлашича, президентнинг Андижон вилоятига ташрифи олдидан йўллар бўйлаб экилган буталар «қайтариб олинган». Вилоят ҳокимлиги ободонлаштириш ишлари давомида буталарни вақтинча салқин жойга кўчирганликлари ҳақида хабар берди. «Газета.uz»нинг аниқлашича, Шавкат Мирзиёев ташрифидан бир неча кун олдин Ободонлаштириш бошқармаси 50 минг катарантус гуллари ҳамда 180 дан ортиқ дарахт ва буталарни сотиб олган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидларига оид эълонлар бўйича ўтказилган мониторингда май-июнь ойларида 101,5 млрд сўм миқдоридаги 324 та танловда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бюджет буюртмачиларининг 101,5 млрд сўмлик 324 та танловини бекор қилиш ҳақида вазирлик ва идораларга 268 та тақдимнома киритилди.
Монополияга қарши кураш қўмитаси «Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси 2019 йилда 31,4 млрд ва 2020 йилда 33,4 млрд сўмлик давлат харидларини аукцион ва тендерсиз амалга оширганлигини аниқлади.
Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмлик иккита олтин ручка хариди ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Унда айтилишича, вазирликнинг канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган. «Халқаро тадбирларда қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади», дейилади вазирлик хабарида. Бунга қадар, вазирлик вакили англашилмовчилик бўлгани ва вазирлик 15 млн сўмга тилла ручка олишдай дабдабага ўч эмаслигини айтганди.
Вилоят судлари раислари учун 26 та Skoda Kodiaq ва 3 та Malibu автомобиллари харид қилинди. Автомобиллар нархи 10,1 млрд сўмга тенг дея баҳоланмоқда. Олий суднинг изоҳлашича, олдинги хизмат автомобилларининг «яроқлилик муддати ўтган, шунингдек улар маънавий ва жисмоний жиҳатдан ҳам эскирган».
Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмга иккита олтиндан ишланган қалам сотиб олишни режалаштирмоқда. Аввал ҳам премиум тоифадаги иш юритиш материаллари сотиб олинган. Бунга мисол қилиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги расмий делегацияларни қабул қилиш уйи ва президент администрацияси маъмурий бўлими давлат қароргоҳлари дирекцияси амалга оширган харидларни олиш мумкин.
Қонунчилик палатаси биносининг ташқи кўриниши реконструкция қилиш ва бинони жорий таъмирлаш учун 16,54 млрд сўм ажратиш режа қилинган. Пудратчи сифатида «Трест-12» (акционерлари орасида қурилиш вазирининг ўғли ва рафиқаси борлиги ҳақида ёзган эдик) иштирок этмоқда. Ҳукумат буйруғи билан лойиҳани тендерсиз амалга ошириш ва параллел равишда лойиҳалаштиришга рухсат берилган.
Маданият вазирлиги мансабдорлари тадбиркорлик субъектини асоссиз равишда танловда ғолиб сифатида кўрсатганлиги натижасида, мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 млн сўмга қиммат нархда сотиб олган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Йил бошидан буён ИИВ давлат харидлари доирасида 48,5 млрд сўмга 50 та автозак, 16 та тентли юк машинаси, 30 та автобус ва бошқа транспорт воситаларини сотиб олди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жиззах вилоятида таъсисчилари орасида вилоят ҳокимининг қизи ҳам бўлган компания кўчаларни кўкаламзорлаштириш бўйича иккита танловда ғолиб чиққани билан боғлиқ ҳолатни ўрганишини маълум қилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов давлат хизматчиларининг хизмат машиналаридан шахсий ва оилавий мақсадларда фойдаланиши одатий ҳолга айланганини таъкидлади. У ҳокимлар томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан қиммат машиналарни сотиб олиш ҳолатлари оз эмас, ўнлаб юз берганини маълум қилди.
Бош прокуратура UzAuto Motors`дан Lacetti, Equinox ва Тrailblazer сотиб олгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, Тrailblazer сотиб олинганини рад этди. Шунингдек, ушбу автомобиллар қандай мақсадларда ва қайси манбалар ҳисобига олинганини ошкор қилди.
24 январь куни президентнинг парламентга йўллаган мурожаатномасига бағишланган тадбирни Халқаро конгресс марказида ташкиллаштириш учун 1,76 млрд сўм сарфланган. Харажатларнинг катта қисми — деярли 1,5 млрд сўми меҳмонларни овқатлантиришга тўғри келмоқда.
Янги ташкил этилган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси давлат харидлари доирасида 1,5 млрд сўмга Chevrolet Tahoe, иккита Malibu ва Lacetti сотиб олди.
Зарбдор тумани ҳокимлигида маҳалла ишлари бўйича ҳоким ўринбосарига автомобиль етишмаган. Кейин туман раҳбари биринчи ўринбосарига ўзининг Captiva автомашинасини берган ва ўз навбатида у Lacetti русумли хизмат автомобилини ҳокимнинг маҳалла ишлари бўйича ўринбосарига топширган. Ҳокимнинг ўзи учун эса 370 млн сўм эвазига Trailblazer сотиб олинган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Паркент тумани ҳокимлиги Captiva автомашинасини ҳокимнинг ўғли муассислар рўйхатида бўлган компаниядан сотиб олиб, давлат харидлари тўғрисидаги қонун талабларини бузганини маълум қилди. Автомобиль сотиб олиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди. Тошкент вилояти прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг