Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида блогерлар ва ОАВ томонидан Жиззах вилоятидаги давлат харидлари билан боғлиқ танловлар юзасидан сўров юбориб, вазиятни ўрганишни бошлади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Жума куни вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи ҳам таъсисчилар орасида бўлган My Flower компанияси Жиззахнинг Шароф Рашидов кўчасини кўкаламзорлаштириш бўйича танловда йил давомида икки марта ғолиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан буюртма берилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 2 млрд сўмдан зиёдроқни ташкил этади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати ўрганишлар натижалари бўйича ОАВ ва кенг жамоатчиликка батафсил маълумот берилишини маълум қилди.

Агентликнинг қайд этишича, давлат харидлари соҳасидаги шартномаларнинг очиқ маълумотлар порталида эълон қилиниши натижасида тизим шаффофлашди.

«Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари, блогерлар ҳамда фаол фуқаролар саъй-ҳаракатлари туфайли мазкур соҳадаги коррупцион ва манфаатлар тўқнашуви акс этган бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам юзага чиқмоқда», дейилади хабарда.

Агентлик давлат харидлари соҳасида учраётган тизимли қонун бузилиш ҳолатлари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда мазкур жараёнда юзага келаётган коррупцион ҳолат ва манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи ва жавобгарликни кучайтиришни назарда тутадиган таклифлар ишлаб чиқилаётганини ҳам маълум қилди.