Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмга иккита премиум тоифадаги олтин билан қопланган ручка сотиб олишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирилди.

Вазирлик ахборот хизмати «Газета.uz»га Мудофаа вазирлиги фуқароларнинг солиқ тўловчи позициясидан туриб билдираётган фикрларини ҳурмат қилиши ва бунга беэътибор эмаслигини маълум қилди.

Муносабатда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб, алоқалар тобора кенгайиб бораётгани, ушбу ҳамкорлик асосини мустаҳкамлаш борасида бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланаётгани қайд этилган.

«Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва хорижий давлатлар мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорлик битимлари ҳақидаги муҳим ҳужжатларни имзолаш расмий тадбирларида фойдаланиб келинган канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган ва уларнинг фойдаланиш муддати якунига етмоқда», — дейилади хабарда.

Шу боис, келгусида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокидаги хорижлик ҳамкорлар билан амалга ошириладиган протокол тадбирларини юқори савияда ташкиллаштириш ва Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида истиқболда халқаро миқёсдаги таниқли фирмаларнинг канцелярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилгани таъкидланган.

«Яъни халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расмий вакиллари томонидан фойдаланиш учун қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади», дейилади Мудофаа вазирлиги муносабатида.

Таъкидланишича, шу мақсадда мазкур турдаги маҳсулотларни етказиб берувчи маҳаллий тадбиркорларнинг таклифларини ўрганиш учун вазирлик ишлар бошқармаси томонидан давлат харидлари порталида ручка харид қилиниши ҳақидаги эълон жойлаштирилган.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, эълонда кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмас, балки бозор қоидаларига кўра тадбиркорлик ва маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланадиган корхона ва ташкилотларнинг маҳсулот ва нархлар бўйича барча таклифлари ўрганилади, танлов асосида якуний хулосага келинади», дейилган хабарда.

Ҳудди шундай талабларга жавоб бера оладиган бошқа фирмаларга тегишли маҳсулотлар таклифи ҳам ўрганиб чиқилиши қайд этилган.

Вазирлик ахборот хизмати қўшимча қилишича, «ижтимоий тармоқ фаоллари ва давлатимиз бюджети сарфига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз билишини истардикки, ушбу маҳсулот вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилиниши кўзда тутилган».

Хабар сўнггида, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм, муассаса ва бўлинмалар қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ёрдамчи хўжаликлар (иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, боғдорчилик, экин майдонлари) мавжуд бўлиб, улар вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағларини шакллантирадиган асосий манбалар ҳисобланиши айтиб ўтилган.

Аввалроқ, Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров Kun.uz`га берган изоҳида танловга қўйилган ручканинг таърифида ва нархида англашилмовчилик бўлганини айтган эди. Яъни, аслида тилла рангли ручкага буюртма берилган бўлган ва бу нотўғри тушунилиб, тилла қопланган ручкага буюртма бериб юборилган ва 15 млн сўмлик нарх ҳам шунга монанд тахминан белгиланган.

Баҳром Зулфиқоров вазирлик 15 млн сўмга тилла ручка олишдай дабдабага ўч эмаслигини ҳам таъкидлаган. У шунингдек, англашилмовчиликка тез орада чек қўйилишини билдирган. Унинг қўшимча қилишича, тилла рангли ручкалардан вазирликнинг халқаро муносабатлар доирасидаги тадбирларида фойдаланиш мўлжалланган ва бундай ручкалар нархи бозорда 100 минг сўм ҳам турмайди.