Тошкент вилояти ҳокимлиги хизмат фаолияти учун Chevrolet Malibu ва Траcкер автомобилларини сотиб олди. Харид вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг 26 августдаги қароридан келиб чиқиб, иккинчи чорак учун маҳаллий буджет даромадларининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан амалга оширилган.

Вилоят ҳокими «ҳоким ўринбосарлари фаолиятини самарали амалга ошириш ва ҳудудларда тегишли ишларни ташкил этиш учун» иккита хизмат машинасини сотиб олишга 610 млн сўм ажратилишини маъқуллаган.

Давлат харидлари сайтида ёзилишича, 6 сентябр куни 369 млн сўмлик Malibu-2 (LTZ) ва 232 млн сўмлик Tracker-2 AT`ни сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланган.

Апрель ойининг охирида Ўзбекистон ҳукумати давлат органлари раҳбарларига бириктириладиган хизмат автомобилларининг максимал нархини тасдиқлаган эди. Вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бириктириладиган расмий автотранспорт воситаларининг максимал нархи 2000 базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслиги керак (540 млн сўм, 1 сентябрдан БҲМ 270 минг сўм), двигатель ҳажми 4000 куб. cv. Уларнинг ўринбосарлари учун — 1500 БҲМ (405 млн сўм), двигатель ҳажми — 2500 куб. cv бўлиши керак.