«Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» корхонаси 65 млрм сўмлик давлат харидларини нотўғри амалга оширган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси «Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан 2019−2020 йиллар давомида товар (ишлар, хизматлар)лар харидини амалга оширишда «Давлат харидлари тўғрисида» ги ва «Рақобат тўғрисида» ги қонунлар талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказган.

Ўрганиш «Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» УК томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида олиб борилган.

Қайд этилишича, мазкур корхона томонидан 2019−2020 йиллар мобайнида ўз эҳтиёжи учун товарларни (қурилиш материаллари, эҳтиёт қисмлар, хўжалик моллари, дизель ёнилғиси, канселярия моллари, мебель анжомлари, йўл белгилари ва бошқа маҳсулотлар) харид қилишда ва объектларда бошқа корхоналарга тегишли бўлган машина-механизм ва автотранспорт хизматларидан фойдаланишда вилоят ва республика ҳудудида фаолият олиб бораётган бошқа корхоналар билан икки томонлама тузилган шартномалар асосида олиб борилган.

Қўмита хабарига кўра, «Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» УК томонидан 2019 йилда 31 млрд 413 млн 366 минг 209 сўмлик ва 2020 йилда 33 млрд 420 млн 096 минг 221 сўмлик товарлар аукцион савдоларисиз ва хизматлар танлов (тендер) савдоларисиз, «Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуннинг талабларига зид равишда, тўғридан-тўғри харид қилиш бўйича шартномалар имзоланиб харидлар амалга оширилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасининг Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларининг рақобатни чеклайдиган ҳужжатлари ҳамда ҳаракатларини, шунингдек инсофсиз рақобатни тақиқлаш бўйича қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича махсус Комиссияси Бухоро ЙМФУК томонидан қайд этилган қонунбузарликни бартараф этиш ва келгусида мазкур қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берди.

«Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуннинг 16-моддасида (давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари) бюджет буюртмачилари, бюджет ташкилотлари, харид қилиш тартиб-тамойилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари, корпоратив буюртмачилар, давлат корхоналари, Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар-давлат харидларининг субъектлари ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.

Ушбу моддада давлат буюртмачиси давлат харидларини амалга оширишда махсус ахборот порталига эълон жойлаштириши шартлиги, 23-моддасида (Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси) давлат харидлари электрон дўкон, аукцион, танлов ва тендер асосида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.