Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокимлиги хизмат автомобили сифатида Chevrolet Trailblazer LZT-AT сотиб олди. Ушбу харид йилнинг учинчи чорагида маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми эвазига амалга оширилди, дея хабар берди Jizzax MTRK телеканали.

Хабарда қайд этилишича, 5 октябрь куни туман ҳокими Зафар Рўзиев хизмат машинасини сотиб олиш учун маҳаллий бюджетдан 370,1 млн сўм ажратиш тўғрисида буйруқ берган. Аниқлик киритилишича, туман ҳокими касалхонада даволанмоқда ва унинг биринчи ўринбосари хизмат сафарида, шу муносабат билан маълумотни ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Эржигитов шарҳлади.

Унга кўра, туман маъмуриятига битта хизмат машинаси етишмаган — ҳокимнинг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосарида хизмат транспорти бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, машина илгари шу учун ажратилган ва қўшимча равишда бюджетдан ажратилган маблағлар эвазига сотиб олинган.

«Ҳоким миниб юрган Captiva автомашинаси таъмирдан чиқарилиб, биринчи ўринбосарга топширилди, ҳокимнинг биринчи ўринбосари бошқарган Lacetti автомашинаси эса маҳалла бўйича ўринбосарга таъмирлаб берилди», — деб тушунтирди Алишер Эржигитов.

Ҳоким ўринбосарининг қўшимча қилишича, тўққиз ой якунлари бўйича бюджет режаси 1,327 млрд сўмга ошириб бажарилган. Ушбу маблағларнинг бир қисми пандемия даврида тиббиёт бирлашмаларини ва халқ таълими тизимини қўллаб-қувватлашга, «темир дафтарлар» га киритилган фуқароларга нафақа тўлашга, шунингдек «аёллар» ва «ёшлар» дафтарларини ташкил этишга йўналтирилди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги вакили ҳокимият ҳисобида бўлган «Адиробод» маҳалласидаги бинонинг иккинчи қавати бешта уйсиз оилага берилганлигини таъкидлади. Бунга 250 млн сўм сарфланган, яна 67 млн сўмлик маблағ Янгикент маҳалласи аҳолисини сув билан таъминлашга йўналтирилган.

Зафар Рўзиев Зарбдор тумани ҳокими лавозимига 2019 йил октябрь ойида Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилганидан сўнг тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь-октябрь ойларида Наманган вилоятининг Учқўрғон, Поп туманлари ва Самарқанд вилоятининг Нарпай туманлари ҳокимликлари ҳам Trailblazer русумли автомашиналар сотиб олишган эди.