24 январь куни Congress Hall мажмуасида президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига мурожаатномасига бағишланган тадбирни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 1 млрд 768 млн сўмни ташкил этган. Буни давлат харидлари порталида келтирилган очиқ маълумотлардан ҳам кўриш мумкин. Ушбу ҳолатга блогер Davletov.uz эътибор қаратди.

Тадбирда Сенат ва Қонунчилик палаталари аъзолари, ҳукумат раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, шунингдек, турли соҳалар вакиллари иштирок этган.

Харажатларнинг катта қисми таклиф этилган меҳмонларни овқатлантиришга — 1 млрд 497,5 млн тўғри келган. Тадбир ўтказилган жойлар, саҳна ва унинг атрофларини гуллар ва материаллар билан безаш ишларига — 250,2 млн сўм, таклифнома, рухсатнома ва эслатномаларни чоп этишга — 20,3 млн сўм сарфланган.

Давлат хариди буюртмачиси сифатида — Тошкент шаҳар ҳокимияти бошқарув аппарати, ижрочи тариқасида эса — AKFA Dream World қайд этилган. Шартнома қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Hilton Tashkent City меҳмонхонаси Ballrom залида (конгресс маркази билан ягона мажмуа) 800 кишига мўлжалланган 447,1 млн (558,9 минг сўм киши бошига) сўмлик тушлик;
  • Shosh ресторанида 400 кишига 2023,5 млн сўмлик тушлик (558,9 минг сўм);
  • Тошкент-2−3−4 да 110 кишига 61,4 млн сўмлик тушлик (558,9 млн сўм);
  • Фойеда 100 кишига 7,7 млн сўмлик нонушта (77 минг сўм);
  • 250 кишига Congress Hall мўлжалланган [1,5 млн сўм бир кишига], зал ижараси — 374,5 млн сўм, жами — 757,6 млн сўмни ташкил этмоқда.



Корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат регистрига мувофиқ, AKFA Dream World 2017 йил 6 декабрда рўйхатдан ўтган. Регистрга кўра, асосий фаолият йўналиши — моторли транспорт воситаларини ишлаб чиқариш этиб келтирилган.

Компания муассислари сифатида Wide Tent System (26,8%), Asia Electron (15,1%), Perfect Plast Profil (14,6%) ҳамда Artel компаниялар гуруҳи директорлар кенгаши раиси Баҳодир Абдуллаев (43,5%) қайд этилган.


Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, Hilton ва Congress Hall эгаси AKFA Dream World ҳисобланади. «Шунга мувофиқ, унга мазкур тадбирни юқори даражада ташкил этишга буюртма берган», — дея таъкидланди. Қўшимча сифатида тадбир жойини танлаш билан ҳокимият шуғулланмагани маълум қилинди.

Бош вазир Абдулла Арипов имзо чеккан, ҳукуматнинг 1 июндаги фармойиши билан тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича 1,7 млрд сўм харажатни Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармалари ҳисобидан қоплаш ва маблағларни Тошкент шаҳар ҳокимиятига ажратиш юзасидан топшириқ берилган.

Аввалроқ, «Газета.uz» Тошкент шаҳар ҳокимияти бошқарув аппарати 1 млрд сўмга 4965 та президент портретларини Kolorpak компаниясидан харид қилгани ҳақида ёзган эди.