Маданият вазирлиги мансабдорлари мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 млн сўм қимматга сотиб олгани аниқланди, дея хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Хабарга кўра, Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мусиқа асбобларини сотиб олиш бўйича тендер танлови ўтказган. Тендерда мусиқа асбобларини 3,3 млрд сўмга етказиб бериш таклифи мавжуд бўлса-да, компания мансабдор шахслари ва бошқалар муқобил қимматроқ вариантни кўрсатган тадбиркорлик субъектини асоссиз равишда танловда ғолиб деб тан олган.

Натижада мусиқа асбоблари ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 млн сўмга қиммат нархда сотиб олиниб, бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан компания мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.