Ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи сабаб йўллар бўйлаб экилган дарахтлар қайтариб олинганлиги ҳақида видео тарқалди. Видео лавҳаларда акс этишича, арчалар юк машинасига ортилган, гулларни эса ишчи ходимлар йиғиб чиқмоқда.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати видео «шаҳарни ободонлаштириш бошқармаси томонидан ҳудудни ободонлаштириш жараёни» вақтида суратга олинганлигини таъкидлади.

«Ободонлаштириш ишлари олиб бориш жараёнида гулларга шикаст етмаслиги учун улар тасвирда акс этган автомашина ёрдамида соя-салқин жойга бир оз муддатга кўчириб турилган. Йўлнинг 50 метр узунликдаги қисмида олиб борилган бу тадбир давомида, экологлар тавсиясига кўра, қайта ўтқазилган кўчатларнинг янада ўсиб ривожланиши учун зарур агротехник шарт-шароит яратилган», — дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг қўшимча қилишича, айни пайтда бу манзарали буталар яна ўз жойига қайта ўтқазилган.

Катарантус. Фото: иллюстрация.

«Газета.uz» давлат харидлари порталини ўрганиб чиқди ва 14 июнь куни Андижон шаҳар ҳокимлигини ободонлаштириш бошқармаси «Oyim Agro Tamorqa МЧЖ»дан 60 миллион сўмга (ҳар бири 1200 сўм) 50 минг катарантус гул сотиб олганини аниқлади.


Шунингдек, 12 июнь куни идора 200 миллион сўмга 180 дан ортиқ дарахтлар ва буталар сотиб олинган.

Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи 17−18 июнь кунлари бўлиб ўтди.

2020 йил ноябрь ойида ОАВда президентнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи арафасида Қаршида қуритилган ўтлар яшил рангга бўялгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ушбу янгилик учун Daryo нашри Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан огоҳлантириш олган эди.