Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Sevimli телеканалига берган интервьюсида давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг қимматбаҳо автомобиль маркаларини сотиб олишига яна изоҳ берди. Аввалроқ, у «давлат хизматчиларига қоидаларни қабул қилиш ва чекловларни қўллаш орқали «ҳалоллик вакцинаси»ни сингдиришдан бошқа илож йўқ», деб айтган эди.

Агентлик раҳбари «давлат ўз хизматларини энг яхши мол-мулк билан таъминлашга интилишини, аммо пандемия шароитида мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлат харидлари ва умуман давлат бюджети харажатларини оптималлаштириш тўғрисида президент ва ҳукумат даражасида қарорлар қабул қилинганлигини» таъкидлади.

«Аммо автотранспорт воситаларини сотиб олиш, айниқса, вилоят ва туманлар ҳокимликлари даражасида транспорт воситаларини қиммат нархларда сотиб олиш бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишга олиб келади», — деди Акмал Бурхонов ва бу борада тегишли текширувлар ўтказилганлигини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бундай ҳолатлар оз эмас, балки ўнлаб юз берган. Бу бўича иш бошланган бўлиб, у ёзда транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган президент фармони лойиҳаси ҳақида айтиб ўтди. Ҳужжатда хизмат автомашиналарини давлат идоралари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига шахсан тайинлаш, автомашиналарни GPS орқали кузатиб бориш ва уларнинг хизмат мақсадларида ишлатилиши устидан жамоат назоратини ўрнатиш таклиф қилинди.

«Афсуски, биз кўпинча шундай ҳолатларнинг гувоҳи бўламизки, машиналардан шахсий, оилавий мақсадларда ишлатилишини тез-тез учратамиз. Масалан, болаларни мактабга олиб бориш ёки бозорларда харид қилиш учун. Бу менинг автомобилим деган тушунча оддий ҳол бўлиб қолган», — деди агентлик директори.

Унинг таъкидлашича, ўзи ҳукумат томонидан ижарага олинган навбатчи машинадан фойдаланади. «Биз агентлик раҳбари учун махсус машина сотиб олмаганмиз», — дейди Акмал Бурхонов.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Акмал Бурхонов ҳукуматга тегишли Mercedes Benz русумли хизмат автомобилидан фойдаланади.

Таҳририят 9 октябрь куни агентлик ҳар бири 311,1 млн сўмдан учта Malibu-2 автомашинасини сотиб олганини аниқлади (1, 2, 3). Агентликнинг таъкидлашича, машиналар биринчи ўринбосар ва директорнинг икки ўринбосари учун сотиб олинган.

Президент қарорига (ПҚ-4761) биноан агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматларига кўра вазирга, директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилган.

Хизмат мақсадларида фойдаланиш учун транспорт воситаларини белгиланган муддатларда сотиб олиш ёки ёллаш фақат Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда республика бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

«Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори учун хизмат автомашинасини сотиб олиш учун 595 млн сўм ажратилган, аммо пандемия билан боғлиқ мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, маблағ давлат бюджетига қайтарилган. Ҳозирда агентлик директори Акмал Бурхонов давлат томонидан берилган навбатчи автомашинадан фойдаланади. Президент томонидан тайинланадиган директорнинг биринчи ўринбосари учун Malibu русумли автомобиль молиявий йил якунланаётгани сабаб, молия вазирлиги билан келишилган ҳолда олдиндан сотиб олинган», — дейилади агентлик хабарида.

Аввалроқ Молия вазири Тимур Ишметов ҳам давлат хизматчилари томонидан қимматбаҳо машиналар сотиб олинишига изоҳ берганди.