25 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХii ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун спорт анжомлари, жиҳозлар, ускуналар, делегация расмий либослари, спорт кийимлари (экипировкаси), спорт тиббиёти жиҳозлари, тиббий-биологик препаратлар харид қилиш бўйича хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан шартномаларни, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинлари бўлиб ўтадиган спорт базалари, ётоқхона, спорт заллари ва спорт жиҳозлари ижаралари тўғрисида ҳамда овқатланишни ташкил қилиш юзасидан шартномаларни тўғридан-тўғри расмийлаштириш ва тўловларни амалга оширишга рухсат берилди

Шунингдек, истисно тариқасида, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида тегишли эълон жойлаштирмасдан ва электрон савдоларсиз, тендерсиз, тўғридан-тўғри расмийлаштириш ва тўловларни амалга оширишга рухсат берилди.

Давлат харидлари тўғрисидаги қонунга биноан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича давлат харидлари қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:

  • Ягона етказиб берувчилар реестрига киритилган ягона етказиб берувчи билан давлат харидини амалга ошириш учун рухсат этилган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;
  • Ўзбекистон президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида тўғридан тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) давлат хариди;
  • фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;
  • суд муҳокамасида иштирок этиш учун адвокатни (вакилни) тайинлаш билан боғлиқ бўлган давлат хариди;
  • илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари каби интеллектуал фаолият натижаларининг мазкур интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ягона шахсдан давлат хариди;
  • нархи (тарифи) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди.

Фото: МОҚ ахборот хизмати

2020 йил февраль ойида Миллий олимпия қўмитасида Токиода бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси учун спорт анжомлари ва кийим-кечак формасининг тақдимоти бўлиб ўтган эди. МОҚнинг хабар беришича, форма эскизларини яратиш бўйича халқаро танловда 100 дан ортиқ номзодлар қатнашган. Танланган намуналар президент ва ҳукуматга тақдим этилганди.

Аввалроқ, президент қарорига кўра, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида олтин медаль олган спортчилар учун 200 минг, кумуш медаль учун 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг АҚШ доллари берилиши ҳақида хабар берилган эди.