9 июнь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги маъмурияти давлат харидлари порталига иккита премиум тоифадаги олтин билан қопланган ручка сотиб олиш режасини эълон қилди. Ручкаларнинг нархи 30 млн сўмга баҳоланмоқда — ҳар бири 15 млн сўмдан. Мазкур ҳолатга Kurbanoff.net Telegram канали эътибор қаратди.

Давлат хариди учун таклифлар Мудофаа вазирлиги томонидан 16 июнга қадар қабул қилинади. «Газета.uz» Мудофаа вазирлигига сўров билан мурожаат қилди, аммо ҳали жавоб олмади.

Аввал ҳам премиум тоифадаги иш юритиш материаллари сотиб олинган. Масалан, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги расмий делегацияларни қабул қилиш уйи 2021 йил 30 апрелда 2 та Montblanc ручкасини (эксклюзив ручка, турли хил ҳашаматли буюмлар, занжирлар, соатлар ва бошқаларни ишлаб чиқарувчи Германия компанияси) ҳар бирини 13,2 миллион сўмга (жами 26,4 млн. сўм) ва Montblanc маркали материалдан тайёрланган столни 55,6 млн сўмга сотиб олган.

2018 йил 15 октябрда Президент админстрацияси маъмурий бўлими давлат қароргоҳлари дирекцияси 51 миллион сўмга Montblanc товарларини сотиб олган.


Таққослаш учун, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маъмурий аппарати ҳар бири 1500 сўмдан 55 та ручка сотиб олган.