16 январь, сешанба куни Россиянинг Самара вилоятининг Ставропол туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, унда вафот этганлар бор, деб хабар берди вилоят прокуратураси.

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятига тегишли давлат рақами бўлган Lada Largus ва М-5 Урал трассасида «Газел» юк машинаси тўқнашди.

Lada Largus`да етти киши бўлган. Samara Online портали манбага таяниб, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эканлигига аниқлик киритди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, тўрт нафар йўловчи касалхонага ётқизилган. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ҳақида ҳозирча маълумот бермаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Largus ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши бўлакка чиқиб кетган ва «Газель» билан тўқнашган. Прокуратура йўлнинг мазкур қисмида йўл қопламаси ҳолатини ҳам ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 11 январь куни Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ҳалокатли ЙТҲ содир бўлган эди. Етти киши, жумладан ҳайдовчи воқеа жойида, яна бир жабрланувчи реанимацияда вафот этган. Жароҳатланганлардан бири шифохонада қолмоқда. Барча ҳалок бўлганларнинг жасадлари ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий-транспорт самолёти билан Урганчга келтирилди.