Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 17−19 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташрифнинг биринчи кунида Тошкентда олий даражадаги тадбирлар ва музокаралар бўлиб ўтади. Саммит кун тартибидан тизимли сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш, савдо, инновациялар, энергетика, нефть-кимё, саноат, электротехника ва электроника, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида аниқ кооперация дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш масалалари ўрин олган.

Бундан ташқари, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Шундан сўнг Малайзия ҳукумати раҳбари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва маънавий мероси билан танишади, қўшма бизнес форумида иштирок этади.